- 2014-06-30
Италия шимолидаги Форли шаҳрида 27 ёшли тез ёрдам ҳайдовчиси ўзи ташиган камида беш
нафар кекса ёшдаги ватандошни ўлдирганликда гумон қилинмоқда.
“CNN” телеканалига маълумот берган маҳаллий прокуратура вакилининг сўзларига кўра, Форли шаҳрида 27 ёшли тез ёрдам ҳайдовчиси камида беш нафар кекса беморни ўлдиришда гумонланиб, жиноий тергов остига олинган.
Форли прокуратураси вакилининг таъкидлашича, беш нафар беморнинг барчаси юрак хуружини бошдан кечирган. Уларнинг ҳаммаси кекса ёшда бўлиб, оғир касалликлар туфайли даволанаётган эди. Шу сабабли уларни уйлари ёки қариялар уйларидан шифохона ва клиникаларга шошилинч бўлмаган ҳолатда ташишга эҳтиёж бўлган.
Матбуот котибининг айтишича, тез ёрдам хизмати 2025 йилнинг февраль ва ноябрь ойлари оралиғида ташилган тўрт нафар бемор вафот этганидан кейин шубҳалана бошлаган. Шундан сўнг, жандармерия ва полиция билан ҳамкорликда машинанинг орқа қисмига яширин камера ва ёзиш мосламалари ўрнатилган. Ўша ойнинг охирида 85 ёшли аёл — бешинчи бемор юрак шифохонасидан реабилитация марказига ўтказилаётган вақтда ҳаётдан кўз юмган.
Жандармерия вакилининг “CNN”га берган баёнотида айтилишича, аёл ташиш пайтида юрак хуружига учраган ва тез ёрдам машинасида вафот этгани аниқланган. Прокуратура вакили эса расмийлар аёлнинг жасадини экспертиза (аутопсия) қилишганини ва шундан сўнг тергов ишлари прокурорларга топширилганини маълум қилди.
Исми расман эълон қилинмаган ва ҳали ҳибсга олинмаган ҳайдовчи, навбат билан машина ҳайдайдиган ва беморларга ғамхўрлик қиладиган икки кишилик гуруҳ аъзоси бўлган.
Ҳимоячи адвокат Глория Парижининг сўзларига кўра, ушбу шахс 2023 йилдан бери тез ёрдам хизматида ишлаб келган. Парижи ўз мижозининг ишдан четлаштирилганини билдириб, маҳаллий ОАВга шундай деди:
“Мижозим содир бўлган воқеалардан шок ҳолатида. У ҳаётини остин-устун қилиб юборган бу ишда айбсиз эканини даъво қилмоқда. Яширадиган ҳеч нарсаси бўлмагани учун суд органларига мурожаат қилишга тайёр. Шу сабабли прокуратурадан суд мажлисини талаб қилди.”
Жандармерия вакилининг маълумотига кўра, ўлим ҳолатларининг барчаси ё ташиш пайтида, ёки гумонланувчи беморлар билан бирга машинанинг орқа қисмида бўлган вақтда юз берган.
Прокуратура вакили: “Ўлим ҳолатлари заҳарли моддалар ёки бошқа айёрона усуллар билан амалга оширилган бўлиши мумкин”, деб таъкидлади ва гумонланувчи шу ҳафта ичида бир неча кишини қасддан ўлдириш айби билан судланиши мумкинлигини қўшимча қилди.