Зеленский Қозоғистондаги элчисини ишдан бўшатди


  • 20 Октябрь, 2022
  • 174

Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Петр Врублевский элчилик лавозимидан бўшатилди. Тегишли фармонни Украина президенти Владимир Зеленский имзолади.

Эслатиб ўтамиз, собиқ элчи қозоғистонлик блогерга берган интервьюсидаги сўзлари учун катта шов-шув кўтарилганди. Қозоғистон халқлари ассамблеяси аъзолари унинг гапларини қоралаб чиққанди. Кейинроқ Врублевский Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига изоҳотга чақирилгани маълум бўлди. Шундан сўнгра элчи ўзининг номақбул сўзлари учун узр сўраганди.

Сентябрь ойида Қозоғистон ҳукумати Врублевскийни ўлкани тарк этишини талаб қилмагани хабар берилди. Элчи ўша вақтда Украинада таътилда бўлиб, лавозимини давом эттириш бўйича маслаҳат олаётгани айтилди.

Лекин октябрь ойи бошида Врублевскийнинг Қозоғистонга қайтишидан кейин Россия ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон элчиси Ермек Кошербаевни изоҳотга чақирганди. Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Врублевскийнинг Қозоғистонда қолишини “мутлақо қабул қилиниб бўлмаслигини” айтганди. Захарованинг сўзларини изоҳлаган Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги вакили Қозоғистон ва Украина ушбу масалада бутунлай муштарак ечимга келганлигини билдирганди. 


Бошқа мақолалар