- 2017-09-11
Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан ўтказилаётган йиғилишда маълум қилинди.
“Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кайфиятини, ҳиссиётини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказяпман”, деди давлат президент Шавкат Мирзиёев.
Юзага келган вазият соҳалар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг бугунги кунгача қандай ишлаганини яққол кўрсатиб қўйгани таъкидланди. Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари қиш мавсумига тайёр эмаслиги кескин танқид қилинди.
Пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани натижасида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги учун, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилди.
Шу боис, вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун бугун Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилди.
Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимлари ҳам лавозимидан озод этилиб, ҳоким вазифасини бажарувчиси лавозимига туширилди. ДХХ ва Бош прокуратурага уларнинг фаолиятини ўрганиш топширилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ўтган ҳафтада кучли совуқ кузатилиб, пойтахтнинг деярли барча туманларида табиий газ ва электр энергияси тизимида суткалаб узилишлар бўлган.
kun.uz дан олинди.