- 2023-11-06
Қозоғистон республикаси марказий банк маълумотига кўра, Қозоғистоннинг ялпи ташқи қарзи 2016 йил декабрь ҳолатига 163,758 миллиард долларни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2016 йилда 10,37 миллиардга ёки 6,7%га ўсди. Ташқи қарзларнинг асосий қисмини (55,7%) фирмалараро қарзлар ташкил қилади. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2017 йил 1 январь ҳолатига давлат қарзи 11 миллиард 436,6 миллион тенге (34,1 миллиард доллар) ёки 25,1% ялпи ички маҳсулотга тенг.
“Альпари” компанияси таҳлил департаменти бошлиғи ўринбосари Наталья Мильчакова таъкидлашича, ташқи қарзнинг Қозоғистон аҳоли бошига 8 740 долларга тенг. Унинг сўзларига қараганда бу рақамлар тушунмаган одам учун ваҳимали туюлади. Чунки оддий ватандош учун деярли 9 минг доллар қарз жуда катта миқдор. Лекин дунё миқёсида олиб қараганда бунга хавотирланишнинг кераги йўқ. “Масалан, Буюк Британия учун бу кўрсаткич аҳоли бошига 150 минг доллардан ошади, Бельгия, Норвегия, Финландия учун 100 минг доллар, АҚш учун 60 минг доллар, Германия учун 70 минг доллар, Россия учун эса аҳоли бошига 3,5 минг долларни ташкил қилади. Бу ерда асосий ролни аҳоли сони ўйнайди. Шунинг учун Россия ва Хитойда ташқи қарзнинг аҳоли бошига нисбатан кўрсаткичи жуда паст” деб тушунтирди. Ушбу кўрсаткич ҳеч нарсага таъсир қилмайди, бу фақатгина ҳукумат ва иқтисодчилар учун индикатор ҳисобланади. Лекин бу кўрсаткич бошқа давлатларнинг айни кўрсаткичлари билан қиёсланади. Бу миқдор қанчалик кам бўлса, аҳоли зиммасидаги шартли қарз шунчалик кам эканлигини кўрсатади.
МДҲ давлатларининг ЯИМга нисбатан ташқи қарзларини кузатсак, биринчи ўринни Украина 80,2% билан, иккинчи ўринда Қирғизистон (68,8%), учинчи ўринда Арманистон (46,6%) эгаллаган. Тўртинчи ўринда Молдова (42%), бешинчи ўринда Озарбайжон (36,1%), олтинчи ўринда Тожикистон (35,9%), еттинчи ўринда эса Қозоғистон 23,3% билан эгаллаган. Ундан кейин Россия 17,7%. Белорусия, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳақида маълумот йўқ.
Қозоғистон қарз бўлган давлатларга келсак, биринчи ўринда Голландия туради. 2016 йил учун Қозоғистон бу давлатга 47,3 миллиард тенге қарз. Буюк Британия иккинчи ўринда. Қозоғистоннинг улардан қарзи 24,6 миллиард тенгени ташкил қилади. АҚШга 12,9 миллиард доллар, Хитойга 12,6 миллиард доллар, Францияга 11,7 миллиард доллар қарзи бор.
Ўз навбатида бошқа давлатларнинг Қозоғистондан қарзи 169,4 миллиард долларни ташкил этади. Булардан масалан АҚШ 54,9 миллиард доллар, Голландия 20,5 миллиард доллар, Буюк Британия 16 миллиард доллар, Россия 7,5 миллиард доллар, Германия 4,4 миллиард доллар қарз.