- 2015-03-10
Букингем саройи Британия қироличаси Елизавета II нинг эри Эдинбург герцоги шаҳзода Филипп куздан истеъфога чиқшини эълон қилди. Жорий йилнинг июнь ойида у 96 ёшга тўлади.
Расмий хабарномада айтилишича “Эдинбург герцоги олий ҳазратлари куздан бошлаб расмий тадбирларда иштирок этмасликка қарор қилди. Унинг бу қарори қиролича тарафидан қўллаб-қувватланди.”
Букингем саройи хабарида “Шаҳзода Филипп август ойигача режалаштирилган тадбирларда иштирок этади. Бундан кейин герцог таклифларни қабул қилмайди. Баъзи тадбирларда иштирок этиши мумкин” дейилган.
Аввалроқ пайшанба куни Букингем саройида қироллик оиласининг хизматчи персонали билан шошилинч йиғилиш ўтказилгани айтилганди. Вакиллар йиғилиш мавзусини ошкор қилишмади.
Ўтган йили шаҳзода Филипп расмий тадбирларда 110 кун ўтказди. У қироллик ишларидан истеъфога чиққани билан 780 ташкилот ва хайрия фондларнинг президенти сифатида қолмоқда.