- 2021-04-03
Ҳукуматлараро комиссия мажлиси якунида қўшма протокол ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
25 май куни “Ўзэкспомарказ”да Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, банк-молия, савдо-саноат, сармоя, энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, туризм, маданият, ахборот технологиялари, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Рустам Азимов ва бошқалар Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Туркиянинг 441 фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил қилди. Бу йил эса янги ҳамкорлик бўйича 2 миллиард доллардан ортиқ миқдордаги шартнома ва келишувлар имзоланиши кўзда тутилган.
Ҳукуматлараро комиссия мажлисида Ўзбекистон ва Туркия ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада оширишдан, кенг кўламли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
Туркия Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Йилдирим Туғрул Туркеш ўзбек ва турк халқлари кўп асрлик тарих, муштарак қадриятлар ва ўхшаш урф-одатларга эга эканини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, Туркиянинг етакчи туристик компанияларини жалб этган ҳолда Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш, тарихий шаҳарларимизда халқаро талабларга мос замонавий сайёҳлик мажмуалари барпо этиш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлашга келишиб олинди.
Ҳукуматлараро комиссия мажлиси якунида қўшма протокол ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Шу куни Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доираларининг сармоявий форуми ва кооперацион биржаси бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Бобур Жалолов