Эрон янги валютага ўтмоқда


  • 25 Июль, 2017
  • 1284

Эрон ҳозир муомалада бўлган риал ўрнига янги пул бирлиги “туман”га ўтмоқда. Бу ҳақда вазирлар маҳкамаси котиби Муҳсин Ҳожи Мирза хабар берди. “Ушбу қарор пул ҳисобларини соддалаштириш учун йўналтирилган. Бир туман ўн риалга тенг бўлади. Шу тариқа нархларни кўрсатадиган рақамларда ноль биттага камаяди” деди.

Туман пул бирлиги Эронда 1932 йилгача муомалада бўлган, кейин риалга алмаштирилганди. Энди эса тескарига алмашмоқда. Бошқа пул бирлигига ўтиш масаласи иқтисодий ҳайъат тарафидан ярим йил мобайнида ўрганилган. Пул реформаси ўтган йил ноябрь ойида ишлаб чиқилган. Бугунги кунгача туман Эронда норасмий пул бирлиги сифатида ишлатилиб келмоқда эди. Риал сўнгги йилларда сезиларли даражада қадрсизланди. Ҳозирги кунда 1 АҚШ доллари 39 минг риалга тенг. Пул алмашганидан кейин эса 3 минг 900 туман бўлади.

Аслида Эронда пул бирлигидан битта ноль олиб ташланмоқда. Риалдан 3 та ва ҳатто 4 та ноль олиб ташлаш ҳам таклиф қилинган эди. Лекин бундай радикал чораларга бормасликка қарор қилинди. 


Бошқа мақолалар