3 қўл сиқди, триллионларни қўлга киритди


  • 16 Май, 2025
  • 29

Яқин Шарқ сафари доирасидаги сўнгги манзилига — Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)га етиб келган АҚШ президенти Дональд Трамп, БАА билан 200 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги янги савдо келишувларини имзолади. Трамп, 3 кунлик сафар давомида аввал ваъда қилинган 1,4 триллион долларлик инвестицияларни ҳам жадаллаштирди.

Оқ уйнинг маълум қилишича, АҚШ ва БАА ўртасида 200 миллиард доллардан ортиқ савдо битимлари тузилган. Бу ривожланиш билан, кўрфаз минтақасидаги умумий инвестиция битимлари 2 триллион доллардан ошгани қайд этилди. Баёнотда, бу келишувлар АҚШга қилинган инвестицияларни сезиларли даражада оширади ва АҚШнинг БАА бозорига киришини кенгайтиришини таъкидланган.

Баёнотда айтилишича, Boeing ва GE Aerospace компаниялари БААнинг Etihad Airways авиакомпаниясидан 28 та АҚШда ишлаб чиқарилган Boeing 787 ва 777X самолётлари учун 14,5 миллиард долларлик инвестиция мажбурияти олган.

Emirates Global Aluminum компанияси Оклахома штатида 4 миллиард долларлик алюминий қуйиш заводи лойиҳасига инвестиция қилади. Ушбу завод АҚШнинг муҳим минерал таъминот занжирини мустаҳкамлаб, мавжуд ишлаб чиқариш қувватини икки баробарга оширади.

ExxonMobil, Occidental Petroleum ва EOG Resources компаниялари 60 миллиард долларлик кенгайтирилган нефть ва газ ишлаб чиқариш лойиҳаси учун Абу Даби Миллий Нефть Компанияси (ADNOC) билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳамкорлик энергия харажатларини пасайтириш ва ҳар икки мамлакатда иш ўринлари ташкиллашда ёрдам беради.

RTX компанияси эса АҚШнинг муҳим минерал таъминот занжири хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашга ёрдам берадиган галлий лойиҳасида Emirates Global Aluminum ва БААнинг Tawazun Кенгаши билан ҳамкорлик қилади.

Qualcomm компанияси ADIO ва e& компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатган. Абу Дабида қуриладиган янги Глобал Муҳандислик Маркази сунъий интеллект, маълумот марказлари ва саноат Интернети соҳаларига йўналтирилади. Бу билан БААнинг рақамли трансформациясига ҳисса қўшилади, АҚШдаги илмий-тадқиқот фаолиятлари ва муҳандислар иш билан таъминланади ҳамда америкалик технологияларга бўлган талаб ошади.

Holtec International ва IHC Industrial Holding Company (IHC) компаниялари Мичигандаги Palisades майдонида Holtec'нинг SMR-300 кичик модуляр реакторлар флотини қуриш учун ҳамкорлик қилади. Бу келишув 10 миллиард долларлик мажбурият ҳамда қўшимча 20 миллиард долларлик флот лойиҳаларини ўз ичига олади.

Amazon Web Services, e& ва БАА Киберхавфсизлик Кенгаши БААда давлат миқёсида булутли хизматларни жорий этишни жадаллаштириш мақсадида ташаббус бошлади. Бу ташаббус 2033 йилгача БАА рақамли иқтисодиётига 181 миллиард долларлик ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Баёнотда, АҚШ ва БАА ўртасида сунъий интеллект соҳасида ҳам келишув имзолангани қайд этилди. Унга кўра, БАА АҚШда маълумот марказларига инвестиция киритиш, қуриш ёки молиялаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Бу келишувлар АҚШ ва БАА ўртасидаги савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлайди. Ушбу келишувлар БААнинг 10 йил ичида АҚШга 1,4 триллион долларлик инвестиция қилиш ваъдасига асосланган.

Яқин Шарқ тури доирасида Трамп БААдан ташқари Саудия Арабистони ва Қатарга ҳам ташриф буюрди. Саудия Арабистонида 600 миллиард доллар, Қатарда эса 1,2 триллион долларлик иқтисодий ҳамкорлик ваъдалари олинган эди.


Бошқа мақолалар