- 2023-12-28
15 сентябрь куни Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси иш бошлади.
Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмасида мамлакатнинг автомобилсозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, қурилиш материаллари ва бошқа тармоқларда фаолият кўрсатаётган элликка яқин компанияси маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов қатнашди.
Кўргазмада Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситалари кенг намойиш этилмоқда. Бир неча русумдаги Peugeot, Lada бренди остида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар, JAC электромобиллари ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этилган.
«Қозоғистон ва Ўзбекистон анъанавий савдо ҳамкорлар ҳисобланади, — деди Kazakh Invest компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари Мейржан Майкенов. — Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда валюта бозорини либераллаштириш, импорт товарларга акциз солиқларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар, шубҳасиз, қозоғистонлик тадбиркорларни мамлакатингиз бизнес доиралари билан фаол ҳамкорликка ундайди».
Экспозициянинг алоҳида бўлимида Қозоғистон илмий-техник ишланмалари, илм-фанда эришилаётган ютуқлар, инновацион технологиялар намойиш этилмоқда. Улар орасида таълим ва тиббиёт йўналишида фаолият кўрсатаётган Назарбоев университети, Қозоғистон Республикаси Мудофаа ва аэрокосмик саноат вазирлиги, Kazakhstan Engineering компанияси стендлари кўпчиликнинг эътиборини жалб этмоқда.
Қозоғистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ва ўзаро товар айланмасини 2020 йилгача 5 миллиард долларга кўтаришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг таркибий қисми сифатида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади/
kun.uz дан олинди.