Россияда ўсмир мактабда пичоқ билан ҳужум қилди


  • 18 Декабрь, 2025
  • 69

Россияда 9-синф ўқувчиси мактабда пичоқ билан ҳужум уюштирди.

Москва вилоятининг Одинцово шаҳридаги мактабда 15 ёшли ўсмир ўқувчиларга пичоқ билан ҳужум қилди. 4-синф ўқувчиси бўлган бир бола ҳалок бўлди, яна бир неча бола ва қоровул жароҳат олди. Хабар қилинишича, ҳужум пайтида ўсмир ўқувчилардан бирини гаровга олган. Музокаралар ва кабинетга қилинган штурмдан сўнг мактаб ўқувчиси қўлга олинди.

Telegram каналларининг маълумотларига кўра, ҳужум қилган ўсмир 15 ёшда ва у айнан шу мактабнинг 9-синфида ўқиган. У ҳужумга бир неча кун давомида тайёргарлик кўрган ва олдиндан синфдошларига 11 саҳифалик "Менинг ғазабим" номли манифестини тарқатган.

Ҳужжатда радикал ва экстремистик қарашлар мавжудлиги айтилмоқда. У ерда ўсмир одамларни "биочиқинди" деб атайди ва мактабга ҳамда жамиятга бўлган нафрати ҳақида ёзади.

Охирги тузатишлар ҳужум содир бўлган куни эрталаб киритилган. ОАВ маълумотларига кўра, у "Буюк ўрин алмашиш" (бу ўнг қанот экстремистларининг фитна назарияси бўлиб, унга кўра европаликлар гўёки аста-секин мигрантлар ва бошқа этник гуруҳ вакиллари билан "алмаштирилади") жараёнини тузатиши кераклигини ёзган.

Телеграм каналларининг хабар беришича, ҳужум пайтида ўсмир устида "Black Lives Matter" ҳаракатига ишора қилувчи "No Lives Matter" ("Ҳеч кимнинг ҳаёти муҳим эмас") деган ёзувли футболка бўлган.

Унинг дубулғасида эса 2015 йилда Чарльстондаги черковда тўққиз кишини ўлдирган америкалик неонацист Дилан Руфдан иқтибос келтирилган эди.

Ўсмир ҳужумни видеога олган. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган кадрларда ҳужумдан олдин мактаб ўқувчиси "миллатинг нима?" деган саволни берганини эшитиш мумкин.

Шунингдек, ёзувда унинг орқасидан қоровул келгани, ўсмир унга қалампир газли баллончасини ишлатгани, сўнгра пичоқ билан болаларнинг орқасидан югургани кўринади.

Бундан ташқари, ўсмир томонидан олинган видеоларда у муайян бир синф ва ўқитувчини қидиргани, лекин синфнинг рақами ва ҳарфини эслай олмагани эшитилади. У ўқитувчини "қора сочли" деб таърифлаган.

Мактаб ўқитувчилари ундан: "Нима қиляпсан?" деб сўрашганда, ўқувчи: "Википедиядан ўқиб оласиз" ва "Менга барибир, умрбод қамоқда ўтираман" деб жавоб қайтарган.

ОАВ маълумотларига кўра, ҳужумчи уч кишини яралаган, улардан бири — 10 ёшли бола — ҳалок бўлган. Ҳозирда ўсмир ҳибсга олинган. Унга нисбатан қотиллик ва қотилликка суиқасд моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.


Бошқа мақолалар