- 2019-06-14
АҚШ президенти Дональд Трамп ўз шахсий ижтимоий тармоқ саҳифасида қилган баёнотида Ҳамас ва Ғазодаги
бошқа барча қуролли гуруҳларнинг тўлиқ қуролсизлантирилиши бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. Трамп воситачилик саъй-ҳаракатлари учун Туркияга ҳам миннатдорчилик билдирди. Ҳамасдан берилган баёнотда эса Исроилнинг келишувга оид мажбуриятларини бажармаган тақдирда қурол ташлаш йўналишида қадам ташланмаслиги билдирилди.
АҚШ президенти Дональд Трамп “Тинчлик кенгаши” доирасида олиб борилган музокаралар натижасида Ҳамас ва Ғазодаги бошқа барча қуролли гуруҳларнинг тўлиқ қуролсизланиши борасида келишувга эришилганини маълум қилди.
АҚШ президенти ижтимоий тармоқ саҳифаси орқали қилган баёнотида қуйидаги фикрларга ўрин берди:
“Бугун “Тинчлик кенгаши”; Ғазодаги Ҳамас ва бошқа барча қуролли гуруҳларнинг тўлиқ қуролсизлантирилиши борасида тарихий келишувга эришди. Бу доимий тинчлик ва хавфсизликка элтувчи йўлда ўта муҳим қадамдир. Бу келишув Ғазонинг ниҳоят Фаластин халқига хизмат қиладиган янги Фаластин ҳукумати томонидан бошқарилиши йўналишидаги муҳим босқични ифода этади. Айни пайтда Исроил ҳам ўзи лойиқ бўлган хавфсизликка эришади ва Ғазо энди террор ҳужумлари учун фойдаланиладиган база бўлмайди.”
Бу ривожланиш Трампнинг 20 бандлик режасини амалга оширишдаги муҳим бурилиш нуқтасидир. Келишув диққат билан режалаштирилган босқичлар ҳолида ҳаётга татбиқ этилади. Қуролсизланиш якунлангани сайин Исроил қўшинлари чекинади, Халқаро барқарорлик кучи эса янги Фаластин полиция тузилмаси билан биргаликда Ғазонинг ҳам аҳолиси, ҳам қўшнилари учун хавфсиз ҳолатга келтирилишининг масъулиятини ўз зиммасига олади.
Бундан бир йил олдин минтақада шиддатли уруш, оғир инсоний инқироз ва шафқатсизларча асирликда сақланаётган гаровдагилар бор эди. Тарихий олға силжишга эришдик, аммо ҳали қилинадиган жуда кўп ишлар мавжуд.
Бу тарихий олға силжишнинг таъминланишига қўшган ҳиссалари учун воситачилар Миср, Қатар ва Туркияга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шунингдек, чарчамасдан меҳнат қилган ва бу тарихий ютуқни мумкин қилган жамоамга ҳам алоҳида раҳмат айтаман.
7 октябрда Ғазодан пайдо бўлган таҳдиднинг қайта шаклланишига йўл қўйилмайди.
Бу келишув билан бирга Ғазо ниҳоят халқига хизмат қиладиган янги Фаластин маъмуриятининг қўлига ўтади. Ҳамманинг асло амалга ошмаслигини айтган бу ғайриоддий ривожланиш сабабли барчани табриклайман.”
Ҳамас музокара ҳайъати аъзоси Ғозий Ҳамад Қатар марказлашган “Al Jazeera” телевидениесига фаластинилик гуруҳлар ва Исроил ўртасидаги музокара ва келишув лойиҳаси ҳақида гапирди.
Ҳамаснинг “Фаластин халқининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий мақсадларига содиқ қолишда давом этаётганини” урғулаган Ҳамад “Ишғол кучлари (Исроил) келишув доирасидаги мажбуриятларини тўлиқ бажармагунча, қаршилик ҳаракатининг (Ҳамас) қурол ташлаши ҳақида ҳеч қандай қадам ташламаймиз” деди.
Ҳамад қурол масаласининг якка ўзи кўриб чиқилмаслигини, Исроилнинг Ғазо секторидан чекиниши ва ҳудудни қайта тиклаш каби бошқа асосий масалалар билан бевосита боғлиқ эканини қайд этди. Исроилнинг келишувга риоя қилиши шарт эканини билдирган Ҳамад Исроил томонининг келишувни бузган тақдирда ўзлари ҳам ҳеч қандай қадам ташламасликларини такрорлади.
Ҳамад Исроилнинг Шарм ал-Шайх келишувининг биринчи босқичида тахминан 3,5 минг қоидабузарлик содир этганини айтиб, “Исроил номардлик ва ўлдириш устига қурилган тажовузкор давлатдир, шунинг учун келишувга риоя қилмади” ибораларини қўллади.