- 2015-02-04
Токчада қаҳва
Жуда қадим италян одатидир. Бу анъанага кўра, қаҳвахонага кирган саҳий мижоз официантга “менга иккита қаҳва, биттаси токчага” деб буюради. Бир қаҳвани олиб ичади-да, чиқиб кетади. Иккинчи каҳва эса, ўша саҳийнинг совғаси сифатида қаҳвахонада қолади. Официант қаҳвахона пештоқига “токчада 1 қаҳва” деб ёзиб қўяди. Ўша ёзувни кўрган гадо кириб, “менга токчадан бир қаҳва” дейди. Эҳсон қилинган қаҳвани ичиб чиқиб кетади.
Русларга ҳам бу одат ўтган бўлиб, уни "подвешенный кофе" деб аташади.
Лекин бир гадога шу усулда қаҳва ичиш малол келиши мумкин. Олиб ичаётганини у ерда ўтирган инсонлар кўрса, хижолат бўлиши мумкин. Устига устак гадони қорни оч бўлсачи. Шу нуқтаи назардан “текин қаҳва” кўп одамга на садақа, на зиёфатдир.
“Инсонни яшатки давлат яшасин” деган шиор билан 650 йиллик олий давлат пойдеворини қурган Усмоний давлатида жуда кўп вақфлар (хайрия ташкилотлари) фаолият кўрсатарди. Инсоний ёрдам вақфларидан ташқари иссиқ ўлкалардан учиб келадиган кўчманчи қушларга қарайдиган шифохона, қишда тоғларда йиртиқичлар оч қолиб қишлоқларга ҳужум қилмаслиги учун уларни гўшт билан таъминлайдиган вақфлар, хаттоки кўчаларни тупукдан тозалаш ёки дорилаш вазифасини бажарадиган вақфлар бор эди. Халқ шунчалик роҳат-фаровонликда яшар эдики, баъзан бойлар закот берадиган фақир тополмасди.
Дарахтга осилган закот
Истанбулни фатҳ қилган Фотиҳ султон Муҳаммад хон замонида бир бой закот бериш учун бирнеча кун қидирса ҳам, биронта фақир тополмаган. Шундан сўнг закотини бир ҳамёнга жойлаб, шаҳар ўртасидаги бир дарахтга осиб қўяди. Унинг устига “Эй мусулмон биродарим, неча кундан бери закот берадиган одам қидириб, тополмадим. Агар муҳтож бўлсанг ҳеч тараддуд қилмай буни ол” деб ёзилган эди. Лекин ҳамён уч ой ўша ерда осилиб турди.
Садақа тошлари
Усмоний давлатида шунча хайрия вақфлари ишлаб турганига қарамай кўп жоме-масжидлар ҳовлисида “Ўнг қўлингиз берганини чап қўлингиз кўрмасин” ҳадисидан руҳланиб қўйилган “Садақа тошлар”и мавжуд эди. Уларнинг ёнида “токчада қаҳва” қабилидаги гўёки хайр-эҳсондек кўринган амаллар қўпол ҳазилдек бўлиб қоларди.
Чунки садақа тошига пул ташлаб кетган одам, уни ким олишидан бехабар, олувчи муҳтож ҳам, берган одамни танимасди. Ушбу тошлар шундай ясалганки, унинг тешигига қўл суққан одамнинг ташқаридан на олаётгани, на солаётгани маълум. Яъни, бойлар “садақа беряпман” деб ишшаймайди, фақирлар “садақа оляпман” деб сиқилмайди. Устига устак у ердан ҳар ким ўз эҳтиёжига яраша садақа олиш имконига эга.
XVII асрда Истанбулга келган бир француз сайёҳ “бу садақа тошларидаги пуллар ҳафталаб турарди. Ҳеч ким олмасди” деб ҳайратини ёзиб қолдирган.
Зимам дафтари
Усмонийлар шевасида “зимам” зиммат сўзининг кўпликдаги кўриниши бўлиб, “қарз” маъносига келади. Ўша даврнинг бой-бадавлат мусулмонлари айниқса Рамазон ойида табдили қиёфат (афт-ангорларини ўзгартириб) қилиб, бегона маҳалла дўконларига борарди. Дўкон соҳибидан “зимам дафтари борми” деб сўрарди. Бор бўлса, дуч келган варақлардаги қарзларни ишоратлаб, “шу қарзларни ҳисобла, пулини мен тўлайман” дер ва ҳалиги варақларни йиртиб ташларди. Шу тариқа қарз тўловчига кимни қарздан қутқаргани, қарздорларга эса, ким уларга яхшилик қилгани номаълумлигича қоларди.
Токчада чой-овқат
Ҳозир Туркияда ҳам инсонлар анча саҳоватпеша. Баъзи ошхона, қаҳвахона пештоқида “токчада чой, қаҳва, таом...” деган ёзувларни учратишингиз мумкин. Баъзи баққолларда “токчада нон” деб ёзилган лавҳалар ҳам бор. Агар уларга дуч келсангиз ва киссангизда ортиқча пулингиз ҳам бўлмаса, бемалол кириб улардан тановвул қилишингиз мумкин.
Жавонда китоб
Ҳиндистон, Япония, Малазия, Америка каби мамлакатлардаги аэропорт, метро ва пароходларда китоб қўйишга мўлжалланган махсус жавонлар бор. Маданий инсонлар бу жавонларга ўқиб бўлган китоб, журнал ва газеталарини қўйиб, бошқалар ҳам ўқиб фойдаланишига васила бўлади.
Яқинда турфа тилларда чоп этилган китоблардан ўқувчини текин баҳраманд қилиш мақсадида “askidakitap”, яъни “жавонда китоб” интернет сайтини топиб олдик. Одамлар хоҳлаган китобини юклаб ўқиши мумкин.
Бундай жавонлар афсуски бизда мавжуд эмас. Агар шундай қиладиган бўлсак ўтин бўлади деб олиб кетадиганлар топилади.
Ибн Халдун машҳур “Муқаддима”сида жамиятларнинг моддий бойликлари ёнида маънавий қадриятларини ҳам бутун тафсилотлари билан тадқиқ қилган. Натижада “Бир жамиятнинг кучи ва умрининг узоқлигини маънавий қадриятлари ташкил қилади” деган.
Кўпчилик билан бир ёқадан бош чиқариб ишлайдиган бўлсак албатта ўлкамизда ҳам шундай гўзал одатлар илдиз отиб, асрларча давом этишига сабабчи бўламиз.