- 2019-11-11
Нью-Йоркда Ўзбекистон фуқароси Сайфулло Соипов пикапда одамларни босиб ўтиб, теракт содир этиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Эндиликда Ўзбекистон фуқаролари АҚШга кириши тақиқланган мамлакатлар қаторига кириши мумкин. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати раҳбари Сара Сандерс журналистларнинг саволларига жавоб қайтариш асносида айтиб ўтган.
«Биз айни вақтда бунга чақирмаяпмиз, аммо буни истисно ҳам этмаймиз», — деган у матбуот анжумани вақтида.
Сешанба куни Нью-Йоркда, шаҳарнинг жанубий-ғарбий қисмида пикап автомобили велосипедлар йўлагига бостириб кирди ва ўз йўлидаги велосипедчиларни босиб ўта бошлади. Машина мактаб автобусига бориб урилган. Шундан сўнг, ҳайдовчи машина ичидан чиққан ва қоча бошлаган. Полициячилар уни отиб жароҳатлашган ва қўлга олишган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 8 нафарни ташкил этди, яна 12 киши жароҳатланди. Ҳукумат бу ҳодисани теракт деб баҳолади.
Бундан аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп «Грин-карта» лотереясини бекор қилмоқчилигини маълум қилганди. Сайфулло Соипов 7 йил муқаддам айнан шу лотерея билан АҚШга келган.
Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан кейин Оқ уй 7 давлат фуқаролари мамлакатга киришини тақиқлади. Булар Эрон, Ливия, Сурия, Яман, Сомали ва Судан. Кейинроқ Судан рўйхатдан ўчирилди, аммо рўйхатга Чад ва КХДР фуқаролари, шунингдек, венесуэлалик амалдорлар қўшилди.
kun.uz дан олинди.