Франция Фаластинни расман тан олади


  • 25 Июль, 2025
  • 14

Франция президенти Эммануэль Макрон мамлакатининг Фаластин давлатини расман тан олишини ва бу қарорни сентябрь ойидаги БМТ Бош Ассамблеясида эълон қилишини маълум қилди.

У шундай деди:

"Яқин Шарқда адолатли ва барқарор тинчликка содиқлигимизнинг бир ифодаси сифатида мен Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишга қарор қилдим. Бу ҳақдаги расмий баёнотни сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида эълон қиламан."

Макрон ўзининг Фаластин президенти Маҳмуд Аббосга йўллаган мактубида ҳам шу қарорга алоҳида урғу берган. Унга кўра, Франция Фаластин давлатини тан олишни БМТдаги йиғилишда расман эълон қилади.

Макроннинг таъкидлашича, ҳозирча минтақадаги энг муҳим масала — **“Ғазодаги урушни тўхтатиш ва тинч аҳолини қутқариш”**дир.

У зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, ҲАМАС қўлидаги асирларни озод қилиш ва Ғазога кенг кўламли инсонпарварлик ёрдами етказилишини талаб қилди.

Президент қўшимча қилди:

"ҲАМАС қуролсизлантирилиши шарт. Ғазо хавфсиз ҳудудга айлантирилиб, қайта тикланиши зарур. Энг муҳими — Фаластин давлати ташкил этилиши ва унинг барқарор равишда фаолият юритиши таъминланиши керак. ҲАМАС қуролсизланишга рози бўлиб, Исроилни тан олган ҳолда минтақада умумий хавфсизликка ҳисса қўшиши лозим."

Макрон муаммони ҳал қилиш бўйича бошқа алтернатива йўқлигини таъкидлаб, "биз Яқин Шарқда тинчлик мумкин эканини намоён этиш масъулиятини ўз зиммамизга олишимиз керак", деди.

Франция ва Саудия Арабистони 28–30 июль кунлари ўтадиган ва икки давлатли ечим ҳамда тинч йўл билан Фаластин муаммосини ҳал этиш масаласи муҳокама қилинадиган "Халқаро Фаластин Конференцияси"га ҳамраислик қилади.


Бошқа мақолалар