Яшаганингиз учун пул бериладиган шаҳарлар


  • 31 Январь, 2018
  • 710

Тараққиёт ва ривожланиш учун кўп аҳолига эҳтиёжи бўлган шаҳарлар дунёнинг кўплаб ўлкасида бор. Бунинг устига баъзи жойларда одамларни бу ерларда яшашга ташвиқ этиш мақсадида катта маблағ таклиф қиладиган баъзи шаҳарлар ҳам бор. Қуйида улардан баъзилари билан танишамиз:

 

Детройт, Мичиган, АҚШ

“Ғарбнинг Парижи”, “АҚШнинг автомобиль пойтахти” каби атамалар билан танилган Детройт бугунги кунда ҳувиллаб қолган. Лекин шаҳар ўтмишда йўқотган ҳашаматини қайтаришга уринмоқда. Ҳукумат бу мақсадда “Challenge Detroit” номли дастурини бошлади. Бу дастур доирасида муайян саноат соҳасида моҳир бўлган ва шаҳарда яшаб, ишлашни истовчи кишиларга 2 минг 500 доллар берилади.

Аляска, АҚШ

Қишни, қор манзараларини ва сокин ҳаётни хуш кўрсангиз, Аляска сиз учун жуда муносиб жой. Ҳукумат бу ерда аҳолиси кам бўлган жойларда яшашни истовчи профессионалларга махсус жамғарма ташкил қилган. Бунинг учун ягона шарт Аляскада камида бир йил яшаш.

Саскачеван, Канада

Канаданинг бу минтақаси яқин вақт ичида ( 2010 йилдан кейин) олийгоҳни тугатган ва карерасини қайси йўналишда шакллантиришга ҳали қарор бера олмаган ёшлар учун айни муддао. Бу жойда 7 йил яшаб ишлаши эвазига жами 20 минг Канада доллари тўланади.

Ниагара шаршараси, Нью-Йорк, АҚШ

Дунёнинг энг сўлим ва гўзал гўшаларидан бирида яшасангиз пул оласиз. Ҳукумат шаршаранинг яқинида ишлашлари учун университет битирувчиларига 2 йил учун 7 минг доллар бермоқда.

Понга, Астурия, Испания

Испаниянинг шимоли-шарқида жойлашган бу қишлоқ ўлканинг энг қадимий жойларидан бири. Ёш аҳолини жалб этиш ва иқтисодиёт ривожлантиришни кўзлаган ҳукумат, бу ерга кўчиб келган жуфтликка 3 минг евро тўлайди. Бундан ташқари жуфтлар шу ерда яшаётганларида кўрган ҳар фарзанди учун алоҳида 3 минг евро берилади. Бу атроф-муҳити тоза гўзал қишлоқда яшаш яхши имконият эканлиги айтилмоқда.

Утрехт, Голландия

Голландия дунё миқёсида ижтиомий ва гуманитар фанлар бўйича чуқур мутахассислиги танилган ўлка. Ҳозирги вақтда шаҳарда яшайдиган одамларга минг доллар берилса, қандай натижага олиб келиши тажриба қилинмоқда. Бунинг жавобини билиш ва илмга ҳисса қўшиш учун Утрехтга кўчиб боришингиз мумкин.

Кертис, Небраска, АҚШ

Ҳар бир одам ҳаётида бир марта бўлса ҳам маҳаллий идоранинг шаҳар учун етарли хизмат кўрсатмаётганидан нолиган. Небрасканинг кичик Кертис шаҳарчасида бунга ечим таклиф этилмоқда. Маҳаллий қадриятларни ва маданиятни ривожлантириш учун шу ернинг бошчиларига фикр билдириб, текин ер участкасига соҳиб бўлишингиз мумкин.


Бошқа мақолалар