Пригожиннинг самолёти ҳалокатга учради


  • 24 Августь, 2023
  • 158

“Вагнер” хусусий ҳарбий компания асосчиси Евгений Пригожиннинг хусусий самолёти 23 август куни кечқурун — вагнерчилар исёнидан роппа-роса икки ой вақт ўтганида Твер вилояти Бологов райони Куженкино қишлоғи яқинида қулаб тушди. Россия фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳалокат оқибатида 10 киши вафот этганини маълум қилган, уларнинг уч нафари — экипаж аъзолари бўлган. Воқеа жойидан ўн кишининг жасади қолдиқлари топилган.

Россия Тергов қўмитаси ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш бўйича жиноий иш қўзғатган. Росавиация ҳам текширув ишларини бошлаган. Идора маълумотига кўра, самолёт бизнес ташувларга ихтисослашган «МНТ-Аэро» МЧЖга тегишли бўлган. Твер вилояти губернатори Игор Руден самолёт ҳалокати билан боғлиқ вазиятни шахсан ўз назоратига олганини маълум қилган.

Россия федерал ҳаво транспорти агентлиги Росавиация “Вагнер” бошчиси Евгений Пригожиннинг самолёт ҳалокатида ўлганлигини тасдиқлади.

Пригожиннинг ўлимидан кейин Владимир Путиннинг “Коммерсант” газетасига берган интервьюси такрор кун тартибига чиқди. Россия президенти Путин “Вагнер” бошчиси сифатида Евгений Пригожин ўрнида Андрей Трошев исмли “Седой” лақабли ҳарбийни кўргиси келишини айтганди.

Андрей Трошев “Вагнер” гуруҳининг асосчиларидан бири ҳисобланади. У 1962 йили Ленинградда (ҳозирги Санкт-Петербург) туғилган. Собиқ иттифоқнинг Афғонистонда давом этган ўн йиллик ишғолида хизмат қилган Трошев кўплаб жангларда иштирок этди. Иттифоқ тарқалганидан кейин ҳам Шимолий Кавказда рус армиясида хизмат қилди. Кейин Россия ички ишлар вазирлигининг махсус отряди СОБРда қўмондон бўлди.

Трошев Афғонистондаги хизматлари учун икки марта “Қизил юлдуз” медали билан мукофотланган. 2016 йили Суриянинг Пальмира шаҳрида ИШИД (Қозоғистонда тақиқланган) террористларига қарши ўтказилган ҳарбий операцияда иштирок этган Трошев Россиянинг энг олий медали бўлган “Россия қаҳрамони” мукофоти билан тақдирланди.

Пригожиннинг самолёти ҳалокатга учраганидан кейин “Вагнер”дан келган илк хабарда “Самолётнинг Россия хавфсизлик кучлари томонидан уриб туширилганлиги ва Пригожинга тегишли иккинчи самолётнинг Москвага қўнганлиги” айтилганди. Россиянинг расмий хабарларидан кейин “Вагнер” “Пригожиннинг ўлими тасдиқланса, Кремлни қўлга олиш учун ҳаракатни бошлаймиз” дея ҳукуматга таҳдид қилди.


Бошқа мақолалар