Қозоғистонда ёшга доир пенсия тайинлаш қоидаларига ўзгариш киритилди


  • 8 Сентябрь, 2025
  • 29

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ёшга доир пенсия тайинлаш қоидаларига ўзгартиш киритди. Энди бола парвариши билан боғлиқ йиллар наfaқат онага, балки оталарга ҳам меҳнат стажига қўшилади.

Агар эркак бола уч ёшга тўлгунча уйда парвариш билан шуғулланган бўлса, бу давр унинг стажига киритилади. Бироқ умр давомида бу муддат 12 йилдан ошмаслиги белгиланди. Шундай тарзда, Қозоғистонда бола тарбияси билан амалий шуғулланган оталарнинг ҳам пенсия ҳисоб-китобида тенг ҳуқуққа эга бўлиши кўзда тутилмоқда. Тегишли ҳужжат лойиҳаси “Очиқ НҲА” порталини жойлаштирилди ва 24 сентябрга қадар жамоатчилик муҳокамаси учун очиқ бўлади.

“Ушбу ўзгариш боласи 3 ёшга тўлмаган вақтда парвариш билан шуғулланган, ишламайдиган оталарнинг пенсия ҳуқуқини амалга оширишдаги камситишни бартараф этади”, — дейилади ҳужжатда.

Ҳар йили Қозоғистонда тахминан 200 минг киши ёшга доир пенсияга чиқади. 2024 йилда 191 минг киши пенсияга чиққан, уларнинг 106 минги аёллардир.

Ўртача ойлик пенсия тўлови 116,2 минг тенгени ташкил этди. Ҳозирги ҳисоб-китобларда фақат ишламайдиган она бола уч ёшга тўлгунча парвариш қилган давр меҳнат стажига киритилади. Бу меъёр тахминан “янги” пенсионер аёлларнинг 30 фоизига тааллуқли. Масалан, 2024 йилда бола парвариши билан боғлиқ муддат 52 минг аёлнинг стажига қўшилди.

Ҳозирча ушбу тартиб фақат оналар учун амал қилмоқда. Оталар эса, ҳатто бола парвариши билан шуғулланган тақдирда ҳам, бу муддатни стажига қўштира олмайди.

Қозоғистонда бола уч ёшга тўлгунча нафaқат она, балки ота ҳам парвариш таътили олиш ҳуқуқига эга. Бу таътил даврида иш ҳақи тўланмайди, аммо иш жойи сақланади ва бу вақт мобайнида ходимни ишдан бўшатишга иш берувчи ҳақли эмас.

Бундай ўзгариш киритишга Меҳнат вазирлигини суд мажбур қилди. Жорий йил февраль ойида бир қозоғистонлик Конституциявий судга мурожаат қилди. Чунки ижтимоий кодексда бола парвариши даври стажга фақат она учун ҳисобланиши белгилаб қўйилган эди.

У ўз шикоятида ишдан бўшаб, икки ойлик ўғлини парвариш қилганини айтди. Чунки унинг хотини оғир касал бўлиб, болага қарай олмаган. Бироқ кейинчалик бу муддат стажига қўшилмагани маълум бўлди. Суд даъвогарнинг талабини рад этди ва қонунни асос қилди. Шундан сўнг у Конституциявий судга мурожаат қилди. Суд эса унинг ҳақлигини тан олиб, бола парвариши даври стажга ҳам она, ҳам отага ҳисобланиши лозимлиги ҳақида қонунга ўзгартиш киритишни мажбурий деб топди.


Бошқа мақолалар