- 2013-10-19
Ҳиндистоннинг Агра шаҳридаги энг диққатга сазовор ёдгорлиги Тож Маҳалнинг минораларидан бири йиқилди.
Тож маҳалнинг киришида жойлашган минора шиддатли ёмғир ва соатига 130 км тезликда эсган қаттиқ ШАМОЛ оқибатида йиқилгани маълум бўлди. Тож Маҳалнинг Дарвоза-и Равза киришида жойлашган минора сайёҳлар энг кўп зиёрат қиладиган жойлардан бири эди.
Маҳаллий ҳокимият шикаст кўрган ёдгорликни таъмирлаш ишлари бошланганини маълум қилди.
Ушбу ёдгорликни кунига 12 мингдан ортиқ сайёҳ томоша қилишга келади. У дунёда энг машҳур тарихий ёдгорликлардан ҳисобланади. Мақбара сўнгги йилларда ифлосланиш ва атрофидаги қурилишлардан шикаст кўра бошлаганди.
Эслатиб ўтамиз, Аградаги Жамна дарёси қирғогида жойлашган Тож Маҳални Бобурий империяси султони Шоҳ Жаҳон рафиқаси Мумтоз Маҳал хотирасига қурдирган эди. Шоҳ Жаҳоннинг ўзи ҳам шу мақбарага дафн этилган.
Ёдгорлик ҳинд, форс ва араб архитектура услубларида қурилган. 1983 йили Тож Маҳал бутунжаҳон ЮНЕСКО мероси сифатида тан олинди.