Туркия элчиларини АҚШ ва Исроилдан чақириб олди


  • 16 Май, 2018
  • 679

Анқара, Исроилнинг 50дан зиёд фаластинликлар ҳалокатига сабабчи бўлган Ғазо секторидаги ҳаракатлари туфайли Вашингтон ва Тель-Авивдаги ўз элчиларини маслаҳатлашиш мақсадида чақириб олишга қарор қилди, деб баёнот қилди Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон.

"Туркия бунга кескин жавоб қайтаради. Биз ўз элчиларимизни Вашингтон ва Тель-Авивдан маслаҳатлашиш учун чақириб олдик. Биз Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Фавқулодда саммитини чақирмоқдамиз, умид қиламанки, биз жума куни Еникапида (Истанбулда) учрашамиз. Биз шунингдек БМТ ХК фавқулодда йиғилишини чақиришни таклиф этамиз. Биз кўплаб етакчилар билан музокаралар ўтказамиз. Эртадан бошлаб биз уч кунлик миллий мотам эълон қиламиз", — деди Эрдўғон NTV телеканали эфирида Буюк Британияга сафари чоғида.

Туркия етакчиси Исроилни террорчи давлат, унинг ҳаракатларини эса — геноцид, дея атади.

Исроил ташкил топганининг 70 йиллиги муносабати билан АҚШ президенти ушбу мамлакат юбилейига совға тариқасида ўз элчихонасини Тель-Авивдан Қудусга кўчириш қарорини қабул қилди. Вашингтон бу санага бағишланган тадбирни тантана билан нишонлаётган бир вақтда Ғазо секторида норозилик намойишлари авжига чиқди. Исроил ҳарбийлари норозилик намойиши иштирокчиларига қарата аёвсиз ўт очди. Сўнгги маълумотларга кўра, тўқнашувларда 55 фаластинлик ҳалок бўлган, 2,7 мингдан зиёди жароҳатланган. Фаластинлик етакчи Маҳмуд Аббос уч кунлик мотам эълон қилди. Ғазо секторидаги вазиятни бугун сешанба куни БМТ ХК муҳокама қилади.

sof.uzдан олинди.


Бошқа мақолалар