- 2016-11-25
Ўзбекистонда “Халқ банки”нинг Наманган филиали ходимлари билан бирга кўплаб бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий равишда пахта теримига жалб этилмоқда.
Ўзбекистоннинг баъзи вилоятларида 14 сентябрдан пахта йиғим-терими бошланди. Ўзбек ҳукуматининг жорий йилда бюджет ташкилотларидан ҳеч ким йиғим-теримга жалб этилмаслигига доир ваъдаларига қарамай баъзи ташкилот ходимлари пахта теримига чиқишга мажбурланмоқда.
Андижонда баъзи бюджет ташкилот ходимлари пахта териш учун далаларга жўнатилди. Андижон вилоят электр тармоқлари идораси ходимларига “пахта теримида ўз ихтиёрим билан қатнашаман” деб аризалар ёздириб олинди. Ходимлардан бири бу аризани ёзишга мажбур бўлганликларини айтди.
Андижон вилоят электр тармоқлари ходимлари “Мажбурий меҳнатга барҳам берилди дейишганди. Лекин бизга пахта теришга чиқишимиз кераклигини айтишди. Эркаклар буни бир амаллаб эплашлари мумкин, лекин аёлларимиз оилаларини ташлаб 15 кунлаб далада юришга мажбурланмоқда. Аёллар қанақасига ёш фарзандларини уйида қолдириб, пахтага чиқиши мумкин? Бизга “Пахта теримига чиқинг ёки 500 мингдан 1 миллион сўмгача (50-100 доллар) пул тўланг” дейишди. Буни қандай тўлаймиз, чунки маошимиз ўзи 1 миллион сўм бўлса? Бизнинг арзимизни ким эшитади?” деди.
“Фарғонаазот” заводи ишчилари “Раҳбарият бизга “Ё ўз хоҳишингиз билан пахта йиғим-теримига чиқасиз, ё ишдан бўшашга ариза ёзасиз” дейишди. Бу ишлар қачон тугайди? Сабр косамиз тўлди” деб арз қилишди.
Ўзбекистон мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун бир қатор қонунлар қабул қилишига қарамай ватандошлар пахта йиғим-теримига мажбуран юборилиши давом этмоқда.
Ўтган ҳафта миллий гвардия ҳарбий техника институти, ички ишлар академияси ва Ўзбекистон олий ҳарбий божхона институти ходимлари пахта теримида ихтиёриш қатнашиш учун ариза ёзишга мажбур бўлганликларини билдирганди.