- 2019-01-24
Якшанба куни Босния-Герцеговинада сайловлар бўлиб ўтди. Сайлов деганда ғолиб чиққан номзод бошқарувни қўлга киритади деб ўйламанг. Боснияда бу имконсиз.
Тушунтириб ўтамиз: Сайловлар тўрт йилда бир ўтказилади ва айни вақтда уч нафар президент сайланади. Серб, хорват ва бошнақ. Улар 8 ойлик муддат билан лавозимга ўтиришади. Албатта уларнинг илк ишлари аввалги даврда олинган қарорларни бекор қилиш бўлади ва ижрога ўтишга улгурмай муддати тугайди. Ўлка ичида пойтахти Баня-Лука бўлган Серб республикаси (1 миллион 228 минг), Босния-Хорват федерацияси (2 миллион 220 минг), Брчко автоном округи (84 минг) бор. Федерация 10 та кантонга (маъмурий бўлинма) бўлинади.
Босния-Герцеговина парламенти миллатлар ва вакиллар бўлиб, икки палатадан иборат мажлис раислиги ҳам навбат юритилади. Масалан, навбат сербларда бўлса, бошнақ ва хорватлар ёнларида ёрдамчи сифатида бўлишади.
Конституцион суд, ҳарбий ишлар қўмитаси ва марказий банк ҳам навбат билан бошқарилади.
Хуллас, 5 президент, 14 бош вазир,180 вазир ва уларнинг ўринбосарлари, маслаҳатчилари, қўриқчилари,улкан-улкан бинолар... Бюджетнинг 40%и шуларнинг маошига сарфланади.
Уларнинг барчаси устидан Европа иттифоқи комиссари назорат қилади. Унинг ваколати шунчалик кучлики, ҳатто президентларни вазифасидан озод этиши мумкин. “Сизлар сайланглар, мен бошқараман” қабилида иш тутишади. Тизим эмас, майнабозчилик.
Бу сайловда 67 та сиёсий партиядан минглаб номзод, давлат ва кантон доирасидаги мақомлар учун курашишди.
Босния-Герцеговина ғалати давлат. Серб ва хорват полиция ҳодимлари ҳар хил униформа кийишади. Марказни эътиборга олишмайди. Ўлкада учта алоҳида сув идораси, учта алоҳида электр ташкилоти ва учта алоҳида почта муассасаси бор. Бир хонадон пулини бошнақларга ажратади, бошқа хонадон эса сербларга. Гала-гала маъмурлар.
Бу ишлаб чиқармайдиган ташкилотлар бюджетни таранг аҳволга олиб келади, ривожланиш йўқ. Иқтисодиёт ночор аҳволда, ишсизлик 60% атрофида.
Серб президенти Милорад Додик ўлкани бўлиш тарафдори ва буни яширмайди. Россия билан яқин муносабатларда бўлиб, унинг чизган чизиғидан чиқмайди.
Хорватлар эса, сиёсат билан бирга тижоратни ҳам қўлларига олишган, очиқчасига Загреб фойдасига ишлашади. Бошнақлар серблардан ҳам хорватлардан кўпроқ хавотирда. Чунки айни сафда турганда ҳам ҳужум қилишлари мумкин. Орқаларида суянчиғи Ватикан бўлганидан кейин...
Аравани учтаси уч тарафга тортса қанақасига давлат бўлсин?
Хўш, бу аҳволга ким олиб келди?
Бошнақлар Тито давридан бери беҳузур. Чунки иккинчи жаҳон урушида партизанларнинг эмас, хорват фашистларининг ёнида бўлишди. Анча қийинчилик кўришади, лекин қатлиом бўлмайди. Тито Югославияни биллур шарга ўхшатарди. “Мен бу шарни нафасим билан ҳавода тутиб турибман. Ўлган куним, шар ерга тушиб парча-парча бўлади” дерди.
Айтганидек бўлди ҳам. Титодан кейин президент бўлган Милошевичнинг жангари ҳаракатлари сабабли парчаланиш бошланади. Илк Словения ажралиб чиқади, орқаларида немислар тургани учун бу иш осон кўчади. Македониянинг пайдо бўлиши ҳам нисбатан енгил бўлади, хорватлар ҳам тезда ҳал қилишади. Қачонки, Босния ҳаракатга тушганида қатлиом бошланади. Чунки улар мусулмон эди!
Белград ҳам расмий армияси билан ҳужум қилади, ҳам Босния сербларини қуроллантиради. Улар жуда тажовузкор ва талончи эди. Бу ҳодисада 150 минг бошнақ ҳалок бўлади. 2 миллион 200 минг инсон ватанидан айрилади.
Серб армияси минораларни қулата-қулата илгарилайди ва Саройбоснага (Сараево) етиб келади. Қамал уч йил давом этади. Шаҳарни 300 та танк ва снайперлар ўққа тутади. Серблар айниқса бозорларни, сув олинадиган жойларни нишонга олишади. Саройбосна кутубхонасининг (ўнг минглаб қўлёзмага эга дунёнинг саноқли кутубхоналаридан бири) кулини кўка совуришади.
Бошнақлар сув қувурларидан ясаган ясама қуроллар билан қаршилик кўрсатишга уринишади. БМТ назоратида бўлган аэропорт остидан туннел қазиганларидан кейин мувозанат ўзгаради. Мусулмонларнинг қўлига ҳам қурол тушиб, қаршилик кўрсата бошлайдилар.
Бошнақлар югослав армиясига олинмасди, қуроллардан узоқ эдилар. Лекин жуда жанговар бўлиб, зудлик билан ташкилланади. Рақибларини қийин аҳволга туширадилар. Саройбоснани қутқариш билан чекланмай, атрофга ҳам ёйилишади. Серблар ваҳимага тушиб чекинишни бошлаганди, даврага АҚШ тушади.
Билл Клинтоннинг вакили Ричард Холбрук шундай усулни қўллайдики, Босния-Герцеговина ногирон бўлиб, бундан кейин асло мустақил давлат бўла олмайди. Ҳа, уруш тўхтайди. Лекин фақат жароҳатларни боғлаб олишга етагунча тўхтайди. Европада мусулмон давлат кўришни истамаган ғарб, бошнақларни серб ва хорватлар тасарруфига беради.
Босния-Герцеговина гўёки БМТ аъзоси, лекин уч бошли бошқарув туфайли мусулмонларни қўллаб овоз бера олмайди. Масалан, Фаластин ва Қудус даъвосида шундай бўлди.
Хўш, Дейтон келишуви уруш туфайли уй-жойларидан ажралганларга ватанларига қайтиш ҳуқуқини бердими? Ҳа берди, лекин фақат қоғоздагина. Серблар ва хорватлар қўлга киритган ерларида мусулмонларни кўришни исташмайди. Ҳатто уларга қарши қурол ишлатишдан тортинишмайди. Масжидлар ҳар куни тошбўрон қилиниб, ҳовлисига тўнғиз калласи ташлаб кетилмоқда. Болалар озорланиб, имомлар ҳақорат қилинмоқда. Бир мусулмоннинг Баня-Лукада яшаши осон эмас, лекин бир серб Саройбоснада бемалол юра олади.
Уруш йилларида БМТнинг “хавфсиз зоналари” бор эди. Европалик қўмондонлар вақти-вақти билан серблар билан келишиб иш тутганлигини биласизлар. Масалан, голландиялик зобит Том Карреманс Сребреницада мусулмонларнинг қуролларини йиғиб олиб, ҳимоясиз одамларни қотилларга рўпарў қилади.
Ахмичи (Ахмедчи) қишлоғида ҳам шунга ўхшаш хиёнат юз беради. Бу 500 киши яшайдиган кичик қишлоқ эди. 10 та хонадонда хорватлар яшарди. 1993 йили 15 апрель ҳам одатдагидек кун эди. Ўша кеча саҳарга яқин хорват тўдалари қишлоқни босади. Қотиллар беш соат давомида қишлоқни ёқиб-йиқиб, ўққа тутишади. Қишлоқдан атиги 4 км нарида Англия армиясининг отряди лагер қурганди. Бу қишлоқ уларнинг назоратида эди. 150 уй, 2 та масжид ва катта мактабга ўт қўйилади. 116 мусулмон шаҳид этилади. Лекин ҳеч бир хорват хонадони кичик бўлса ҳам зарар кўрмаганига қараганда қишлоқдан кимдир уларга йўлбошчилик қилганди.
Қотиллар ишларини битириб кетганларидан кейин 4 соат ўтгач инглиз отрядлари келади. Эшитмаган бўлишлари имконсиз эди, чунки минорани портлатиш учун кўп миқдорда портловчи модда ишлатилганди. Бир уйнинг ўзида 11 одам ёқиб юборилганди. Уларнинг ичида 3 ойлик гўдакдан 82 ёшли қариягача бор эди. Жасадларнинг 36 таси топилмайди. Қолганлари Витез шаҳрига дафн этилади. Ҳеч бирини таниб бўлмасди. Шахслари қатлиомдан 13 йил ўтиб, ДНК тести орқали аниқланди.
Ҳозирда бошнақ қишлоқларида хорватлар ҳам яшамоқда. Уларга нисбатан ҳеч қандай адоватлари йўқ. Уйи ёқилган, фарзандлари ўлдирилган, лекин аламини ичига ютиб, Аллоҳга ҳавола қилган. Сабр қилишмоқда...