Хитой АҚШга кескин жавоб қайтарди


  • 19 Ноябрь, 2018
  • 555

Хитой ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Хуа Чуньин АҚШнинг танқидига жавобан “Хитой билан ҳамкорлиги туфайли ҳеч бир ривожланаётган давлат қарз ботқоғига ботиб қолмади. АҚШ бошқаларни танқид қилишни тўхтатиб, гаплари билан ҳаракатларини бирбирига мослаштириши керак” деди.

Аввалроқ АҚШ вице-президенти Майк Пенс Папуа-Янги Гвинеядаги нутқида Хитойнинг “Бир белбоғ, бир йўл” халқаро лойиҳасини қаттиқ танқид қилиб, сифати жуда пастлигини ва ривожланаётган давлатларни катта кредитлар билан оғир аҳволга солиб қўйганлигини айтганди. Пенснинг таъкидлашича, АҚШ ва демократия авторитар Хитойга қараганда яхшироқ ҳамкор.

Хуа Чуньиннинг жавобида "Биз Американинг баёнотига эътибор қаратдик. Хитой ўзаро ҳурмат ва манфаат асосида дунёнинг кўплаб давлатлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу ҳамкорлик доирасида Хитой тараф адолат ва самимийлик тамойилларига таяниб, ушбу давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига имкони қадар ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда" дейилди.

Хуа Чуньин Хитой тарафидан кўрсатилган ёрдам ҳеч қандай сиёсий шартларсиз бўлиб, ушбу ўлкаларнинг ҳукумат ва халқ иродасига мос келишини таъкидлади. У тегишли давлатларни бошқаларга нисбатан масъулиятсиз баёнотлар бермасликка, ҳатти-ҳаракатини гапларига мослаштиришга, барча ўлкаларга бирдек муносабатда бўлишга ва бошқаларнинг ўз тараққиёт йўлини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақирди. 


Бошқа мақолалар