- 2020-05-11
Ашхобод полицияси аёллар бошқараётган автомобилларни тўхтатиб, исталган баҳона билан ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб қўймоқда. Ушбу текширувлар оммавий тус олган.
18 февраль куни ҳайдовчи аёлнинг гувоҳномасини автомобилдаги аптека қутисидаги дориларнинг талабга мос эмаслиги айблови билан олиб қўйилган. Ҳодиса гувоҳларидан бири полиция ходимининг “Бизга аёл ҳайдовчиларни баённомада белгиланган кўчаларда юритмаслик ҳақида буйруқ берилган” деган гапини эшитган.
Ашхободнинг ҳуқуқни сақлаш ходималарига ҳам шахсий автомобилдан фойдаланиш тақиқланган. Ўтган ҳафтада бошлиқлар аёл ходималарга ҳеч қандай шароитда рулга ўтирмасликни талаб қилган.
Аввалроқ ногирон бўлган кишиларни ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишганди.
Сўнгги икки йилда пойтахт аҳолиси автотранспортдан фойдаланиш борасида турли тақиқларга дуч келмоқда. Аввал қора рангли автомобиллар юриши тақиқланди. Кейинчалик тўқ тусдаги барча автомобиллар тақиқланди. Фақат оқ ва оч тусдаги автомобилларга “рухсат” берилди. Бундан ташқари, ҳукумат фикрича эскирган автомобиллар, жумладан “Лада” ва тент ёпилган автомобиллар ҳам тақиқланди.
Полиция бу борада расмий изоҳ бермади. Буларни аслида бошлиқларнинг оғзаки талаблари эканлиги билан изоҳлаш мумкин.