Ўзбекистонда ID-карталар жорий этилади


  • 26 Сентябрь, 2020
  • 345

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Фармон асосида, мавжуд биометрик паспорт тизими инфратузилмаси негизида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти ўрнига 2021 йилдан бошлаб идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизими жорий этилади.

Идентификация ID-картасининг бланкасида эгасининг миллати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмасдан, ID-картанинг чипига киритилади.

Фуқаро ўз ID-картасини олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирган ва йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

Янги туғилган болага идентификация ID-карталари мажбурий берилмасдан, унинг туғилиши ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим қилинганидан сўнг ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) ихтиёрига кўра расмийлаштирилади.

Ўрнатилаётган тартибга кўра:

идентификация ID-карталари белгиланган ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг 1 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади;

идентификация ID-картасини расмийлаштириш учун мурожаат ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслардан келиб тушганда масъул ходим томонидан 15 кун муддатда ушбу шахсларнинг яшаш манзилига борган ҳолда идентификация ID-картаси расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

Фармон билан, Ўзбекистон фуқаросининг идентификация ID-картаси тўғрисидаги ва Ўзбекистонда доимий яшовчи чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Ўзбекистон фуқаролари биометрик паспортлари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини идентификация ID-карталарига алмаштириш:

биринчи босқичда 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра;

иккинчи босқичда 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

kun.uzдан олинди.


Бошқа мақолалар