Қозоғистондан чиқиш тақиқланиши мумкин ҳолатлар


  • 13 Март, 2019
  • 526

Қозоғистонликларга хорижга чиқишига нималар тўсиқ бўлиши мумкин? Жарималар, қарзлар, эскириб кетган паспорт, фарзандининг ҳужжатлари бўлмаслиги ва ёпилмаган суд ҳукмлари кабилар.

Жарималар ва қарздорлик хорижга чиқиш учун тақиққа сабаб бўлиши мумкин. Ушбу тақиқни тегишли суд қароридан кейин ва қасддан тўловларни бажармаслик ҳамда тўлов миқдори 50 500 тенгедан ошганида суд ижрочилари қўяди. Яъни 20 МҲК (МРП) миқдоридан кам бўлган қарзлар учун суд санкциясисиз хорижга чиқишни тақиқлаш мумкин эмас. 2019 йили 1 МҲК 2 525 тенге этиб белгиланган.

Агар қозоғистонликларда тўланмаган жарималар ва қарздорлик мавжуд бўлса, буларни хорижга чиқишдан камида уч кун олдин бекитиши керак. Айнан мана шу муддатда базадан қарздорлик ҳақидаги маълумот ўчирилади. Агар бу муддатда қарздорнинг исми-шарифи рўйхатдан ўчирилмаса, у суд ижрочиларидан кўрган зарарларини қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Лекин бу унинг дам олиш режаларини қутқармайди. Мутахассислар хорижга чиқишдан олдин мустақил равишда барча қарздорлар рўйхатидан ўз фамилияси борлигини текишириб кўришни тавсия этишмоқда. Чунки аэропортга боргандан кейин буни ўзгартириш имконсиз. Ҳатто қўлида барча тўловларни амалга оширганлик ҳақида чек бўлиб, суд ижрочиси билан боғлана олганда ҳам самолёт ёки поезд жўнаб кетгунча унинг маълумотлари базадан ўчирилмаслиги мумкин.

Шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг эскириб кетганлиги ҳам чегарадан чиқишга моне бўлиши мумкин. Ҳужжатнинг муддати тугамаган бўлиб, эгасининг маълумотлари осон ўқилиши керак. Ҳужжатда фамилия, исм, отасининг исми, туғилган сана ва жойи, ватандошлиги, сурати, ҳужжатни берган орган номи, ҳужжат берилган вақти, ҳужжат рақами аниқ ўқиладиган бўлиб, ҳужжат яроқлилик муддати сафардан қайтиш вақтидан олти ойдан кам муддатда тугамаслиги лозим.

Қозоғистонда 2019 йил 1 январдан 16 ёшгача бўлган фарзандлари билан хорижга чиқиш учун уларнинг суратини ота-онаси паспортига ёпиштириш қоидаси бекор қилинди. Энди хорижга чиқиш учун фарзандларига паспорт олиши лозим бўлади. Агар фарзанд ота-онасидан бири билан хорижга чиқаётган бўлса, иккинчисининг нотариус орқали тасдиқланган рухсати бўлиши шарт. Агар фарзанд ота-онаси билан эмас, бошқа қариндошлар ёки оиласининг дўстлари билан сафарга чиққан бўлса, нотариус орқали тасдиқланган ишончнома керак бўлади. Ҳужжатда рухсатноманинг яроқлилик муддати ва борадиган ўлка номи кўрсатилиши лозим.

Агар хорижга чиқаётган киши аввал судланган бўлиб, жазо муддатини тўлиқ ўтаган бўлса, чегарадан бемалао чиқиши мумкин. Лекин шартли жазо муддати тугамаган тақдирда полиция департаменти унинг хорижга чиқишига тақиқ қўяди ва хорижга чиқиши имконсиз бўлади.


Бошқа мақолалар