Тўқаев суперкомпьютер тизимини ишга туширди


  • 10 Июль, 2025
  • 25

Қосим Жўмарт Тўқаев Alemcloud Миллий суперкомпьютер марказига ташриф буюриб, NVIDIA H200 график процессорлари асосида ишлайдиган янги суперкомпьютерни ишга тушириш маросимида иштирок этди.

Мазкур тизим Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ҳамда халқаро ҳамкорлар томонидан яқинда қуриб битказилган дата-марказда жойлаштирилган.

Янги суперкомпьютер кластери FP8 форматидаги ҳисоблаш усулига кўра 2 экзафлопсгача ишлаш имкониятига эга бўлиб, Марказий Осиёдаги энг юқори ҳисоблаш салоҳиятига эга тизим ҳисобланади.

Президент Тўқаевнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа мамлакатда рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва стратегик соҳаларни рақамлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Суперкомпьютер орқали сунъий интеллект, катта маълумотлар таҳлили ва нейрон тармоқлар йўналишидаги стартаплар, университетлар, илмий марказлар ҳамда давлат ва хусусий компаниялар юқори ҳисоблаш қувватига эга бўлади.

2024 йил февралида бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Қосим Жўмарт Тўқаев ушбу ташаббус ҳақида сўз юритиб, сунъий интеллектни ривожлантириш, маълумотларга очиқ ва хавфсиз киришни таъминлаш, шунингдек маълумотларнинг махфийлиги ва сифатини кафолатлаш зарурлигини таъкидлаган эди.

Ҳукумат томонидан 87 та давлат маълумотлар базасини қамраб олган “маълумотлар кўли” шакллантирилгани ҳам маълум қилинган.

«Биз мамлакатимизни дунё бўйлаб рақамли мутахассислар учун марказга айлантиришимиз керак. Қисқаси, замон билан ҳамқадам бўлишимиз лозим. Янги технологияларни қанчалик тез ва самарали ўзлаштиралсак, бошқа соҳаларда ҳам шунчалик илгарилаймиз», — деган эди Тўқаев.

2023 йил март ойида Мажлисда сунъий интеллект соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда Қозоғистондаги суперкомпьютер лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилган.

Ўша йиғилишда Электрон саноат ва рақамли активлар соҳаси бўйича департамент раҳбари Гиззат Байтурсинов ушбу тизим хорижий компаниялар билан ҳамкорликда фаолиятга жорий қилиниши режалаштирилганини маълум қилган.

“Суперкомпьютер — бу сервер ускуналаридан иборат комплекс бўлиб, айрим жиҳатлари бизда мавжуд, аммо бу янги технологияларда тўлиқ такомиллаштирилган. Бугунги кунда дунёдаги етакчи ишлаб чиқарувчилар — AMD, Nvidia каби компаниялар. Биз ҳам шундай ресурсдан фойдаланишни истаймиз. Чунки бу имконият ҳар бир давлатда мавжуд эмас”, — деган эди “Миллий ахборот технологиялари” АЖ собиқ раҳбари Ростислав Коняшкин.


Бошқа мақолалар