Трамп Эрдўғонга 100 миллиард долларлик битим таклиф қилди


  • 13 Ноябрь, 2019
  • 494

АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга 100 миллиард долларлик савдо битими ва Анқара Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуларини сотиб олгани учун Вашингтон томонидан киритилган санкциялар атрофидаги вазиятни ҳал қилишда ёрдам таклиф қилди.

Америка президентининг ушбу таклифи ўтган ҳафта Туркия президентига юборилган мактубда ўрин олган. “The Washington Post” газетасининг ёзишича, Трампнинг таклифи ўтган ойда Туркияга қарши санкцияларни ёқлаб овоз берган конгресмен ва сенаторларнинг ғазабига сабаб бўлиши мумкин.

Туркия президенти Эрдўғон 12-13 ноябрь кунлари АҚШга хизмат сафари билан бориб, Трамп билан янги қирувчи-самолётларни, Россиянинг С-400 ва АҚШнинг Patriot ракета мажмуаларини сотиб олиш ҳамда Суриядаги вазиятни муҳокама қилади.

Туркия ва АҚШ орасида таранглик келтириб чиқарган янги зенит-ракета мажмуаларини сотиб олиш июль ойининг ўрталарида бошланди. Сентябрь ўртасида С-400 ларни етказиб беришнинг иккинчи босқичи ниҳоясига етди. Эрдўғоннинг таъкидлашича, Россиянинг зенит-ракета мажмуалари 2020 йилнинг апрель ойида тўлиқ ишга туширилади. Вашингтон Анқарадан с-400 лардан воз кечиб, АҚШнинг Patriot мажмуаларини сотиб олишни талаб қилди. Акс ҳолда Туркияга янги F-35 қирувчи-самолётини сотмаслигини ва Туркияга қарши санкциялар киритиши билан таҳдид қилди. Анқара эса Вашингтоннинг талаб ва таклифларини рад этди.


Бошқа мақолалар