Ойга саёҳат бошланди


  • 2 Апрель, 2026
  • 8

АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) роппа-роса 54 йилдан сўнг Ойга илк бошқарилувчи парвозни бошлади. Тўрт нафар астронавтдан иборат жамоа 10 кун давом этадиган миссия давомида Ойнинг илгари кўрилмаган ҳудудларини ўрганиб, кейинги қўниш вазифаси учун маълумотлар тўплайди.

NASA’нинг “Orion” космик кемаси Ой орбитаси бўйлаб бир айланиб чиқиб, Ерга қайтиши билан 2022 йил декабрида якунланган “Artemis I” дастурининг иккинчи босқичи — “Artemis II” миссияси Флоридадаги Кеннеди коинот марказидан амалга оширилган парвоз билан ҳаётга татбиқ этилди.

1972 йилдан кейин Ойга амалга ошириладиган илк бошқарилувчи парвоз тахминан 15 дақиқалик кечикиш билан содир бўлди. Ой атрофида қарийб 54 йилдан кейин амалга оширилаётган ушбу илк бошқарилувчи парвозда, стартдан 8 дақиқа ўтиб тахминан 100 километр баландликка кўтарилгани, атмосфера чегарасига яқинлашилгани ва асосий двигатель “Orion” капсуласидан ажралгани билдирилди.

“Artemis II” жамоасида NASA астронавти Рид Уайзман ва парвоз учувчиси Виктор Гловер билан бирга, миссия мутахассислари сифатида NASA астронавти Кристина Кох ва Канада коинот агентлиги (CSA) астронавти Жереми Хансен иштирок этмоқда.

Жами 4 кишидан иборат жамоа тахминан 10 кунлик миссия давомида космик кемадаги тизимларни синовдан ўтказади, Ойнинг илгари кўрилмаган қисмларини тасвирга олади ва келгуси миссияларда қўниш мумкин бўлган ҳудудларни тадқиқ қилади.

NASA’нинг “Artemis II” миссияси жамоаси Ойга қўнмаса-да, бу вазифа Ойга қўниш мақсад қилинган “Artemis III” миссиясига тайёргарлик босқичи сифатида кўрилмоқда.

Атмосферадан ташқаридаги ушбу илк парвозда ҳам аёл киши, ҳам қора танли Америка ватандоши иштирок этмоқда. Астронавт Кристина Кох “Artemis II” миссиясидаги икки мутахассисдан бири сифатида Ой атрофидаги саёҳати билан очиқ коинотга қадам қўйган илк аёл унвонини қўлга киритади.

Тарихий парвоздан бир неча соат олдин Кеннеди коинот марказидан тахминан 32 километр жанубда жойлашган Коко-Бич соҳилида минглаб одамлар тўпланди. Коинот ишқибозларидан иборат гуруҳ кузатиш учун жой банд қилиш мақсадида куннинг эрта тонгидан кутишни бошлаган бўлса, баъзи қизиқувчилар ушбу тарихий лаҳзага гувоҳ бўлиш учун бошқа штатлардан Флоридага самолётда келишди.

АҚШ Шарқий соҳили маҳаллий вақти билан соат 16:24 да Кейп-Канавералдаги коинот марказидан учирилган ракета сониялар ичида кўз илғамас даражада юқорига кўтарилди. Суюқ водород сизиб чиқиши ва техник носозликлар сабабли март ойига режалаштирилган парвоз, кейинчалик юзага келган техник муаммолар туфайли апрель ойига қолдирилган эди.

“Artemis II” миссиясини космик капсула ташқарисига ўрнатилган паст аниқликдаги камералар орқали жонли эфирда кузатиш мумкин. Миссия якунлангач, қўлга киритилган маълумотлар жамоатчилик билан баҳам кўрилади.

Ушбу вазифа доирасида Ойнинг шу пайтгача инсон кўзи билан кўрилмаган қисмлари ҳақида янги кузатувлар олиб борилади ва маълумотлар келажакдаги эҳтимолий қўниш нуқталарини аниқлашда фойдаланилади.

NASA тахминан 30 кун давом этадиган ва Ойга қўниш режалаштирилган “Artemis III” миссиясини 2028 йилгача бошлашни мақсад қилганини эълон қилган эди. Эслатиб ўтамиз, “Artemis I” 2022 йил 16 ноябрда учирилган бўлиб, Ой атрофини айланиб чиқиш ва Ерга қайтиш саёҳатини ўз ичига олган тахминан 26 кунлик синов парвози давомида “Orion” капсуласида ҳеч қандай астронавт бўлмаган эди.


Бошқа мақолалар