АҚШнинг Афғонистонда катта зарар кўргани фош бўлди


  • 10 Декабрь, 2019
  • 485

Washington Post” чоп этган махфий ҳужжатларда АҚШнинг юқори лавозимли амалдорлари Афғонистондаги 18 йиллик урушда энди ғолиб бўла олмасликларини таъкидлагани айтилган.

Вьетнам урушининг муваффақиятсиз бўлганлигига доир махфий ҳужжатларни ҳам биринчи бўлиб чоп этган “Washington Post” газетаси, бу гал АҚШнинг 2002 йилдан буён ишғол қилган Афғонистон бўйича махфий ҳужжатларни қўлга киритди.

АҚШ бошқарувининг Қатарда Толибонлар билан музокарага ўтирган вақтда ўртага чиққан махфий ҳужжатлар АҚШнинг Афғонистонда муваффақиятсизликка учраганлигини фош қилди.

Қўлга киритилган 2 минг саҳифалик ҳужжат Афғонистондаги урушда бевосита иштирок этган генерал ва дипломатларнинг фикрларидан жамланган.

Ҳужжатда қарашлари ёзилганларнинг 400 дан ортиғи Афғонистонда ишлар дуруст эмаслигини ва АҚШнинг бу ўлкада ботқоққа ботиб қолганини айтган.

Ҳужжатларда собиқ президентлар Джордж Буш ва Барак Обама даврида Оқ уйда Афғонистон бўйича масъул генерал-лейтенант Дуглас Луте “Афғонистонни тушунишдан узоқ эдик. Нима қилаётганимизни ўзимиз билмасдик. Қандай юкни ўз зиммамизга олганимиздан хабаримиз йўқ эди” деди.

Ҳужжатда фикрларига ўрин берилган амалдорларнинг катта қисми АҚШнинг ҳозиргача Афғонистонда юритаётган стратегиясининг нотўғри эканлигини, амалдорлар буни билишини, лекин жамоатчиликка ошкор қилмаслигига эътибор қаратди.

Ҳужжатларда президент даражсидан ўрта босқич амалдорларигача жамоатчиликка берилган барча маълумотларни асл ҳолатидан бузиб кўрсатилиши маълум бўлди.

Афғонистонда террор билан кураш бўйича Америка ҳарбийларига 2013-2014 йилларда маслаҳатчилик қилган собиқ зобит Боб Кроули “Уруш ҳақида халқимизда чиройли фикр уйғотиш учун бутун маълумотлар ўзгартирилди. Сўровномаларга умуман ишониб бўлмасди, лекин олиб бораётган ишларимиз тўғрилигини кўрсатувчи ёлғон маълумотлар билан бойитиларди” деди.

Ҳужжатларда диққатни тортган яна бир нуқта урушнинг харажатларига боғлиқ. Амалдорлар ҳужжатда тез-тез тилга олган, лекин жамоатчиликка тўлиқ маълум қилинмаган яна бир ҳақиқат - урушнинг сарф-харажати тўлиқ ҳисобланмаганлигидир.

Урушда расмий рақамларга кўра 934 билан 978 миллиард доллар сарфлангани айтилди. Лекин бунга CIA операциялари ва уруш ногиронлари ташкилотининг харажатлари қўшилмаган.

Пентагон маълумотларига кўра, 2001 йилдан буён 775 минг америкалик йигит Афғонистонда ҳарбий хизматда бўлди. Улардан 2 минг 300 нафари ўлди, 20 минг 589 нафари жароҳат олди.


Бошқа мақолалар