- 2013-01-10
Германия разведка хизмати BND жалб қилувчи кўча афишалари ва ижтимоий тармоқдаги бўлишишлари билан ёшларнинг эътиборини тортиб, янги ходимлар топишга уринмоқда.
Германиянинг ташқи разведка хизмати бўлган Федерал разведка хизмати (Bundesnachrichtendienst - BND) янги жосуслар изламоқда. BND янги жосуслар топиш учун ёшларга мурожаат қилишда қизиқ усулдан фойдаланмоқда.
BND кўчаларга илган афишалар ва ижтимоий тармоқдаги бўлишишлар билан янги ходим қидирмоқда. Афишаларда катта ҳарфлар билан “ТЕРРОРИСТЛАРНИ ҚИДИРЯПМИЗ” деб ёзилган. Унинг остига кичик ҳарфлар билан “Уларни биз билан бирга топ” чақириғи ёзилган. Афишалар аввал Бонн ва Берлиндаги реклама панелларига илинди. Ундан кейин Мюнхен ва бошқа шаҳарларга татбиқ этилади.
Афишалардан бўлак ижтимоий тармоқ орқали ҳам эътиборни жалб қилишга уринган BND сирли тасвирлар ва анимациялардан фойдаланмоқда. Жосуслик фильмларини ёдга солувчи сўзлар ва мусиқалар билан ёшларни жалб қилишга ҳаракат қилишмоқда.
BND президенти Бруно Кал “Ёши етгани учун орамиздан кетаётганлар сони ишни янги бошлаган ёшлардан анча кўп” дея қилаётган ишлари бошқа касблардан анча фарқ қилишини таъкидлади.
“Ёшлар тўпланган жойларга боришимиз керак, улар гаплашадиган тил билан гапиришимиз лозим” деган BND президенти Кал 15-35 ёш орасидаги ўқишни ташлаб кетганлардан тортиб университет битирувчиларигача бўлган ёшлар аудиториясининг эътиборини жалб қилишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганликларини билдирди.
Ташкилотда турли таълим савиялари талаб этиладиган 450 та касбларда ишлаш мумкин.
BND президенти уларга мурожаат қилганлар узоқ ва заҳматли хавфсизлик назоратларидан ўтишини, ишлаётганида мобил телефонни ишлатиш тақиқланишини, уйдан туриб ишлашнинг мумкин эмаслигини ва буларга қўшимча BND ходимларининг хусусий секторга нисбатан кам маош олишини ҳам сўзлади.
Кал бундан ташқари, ўз ишидан ғурурланса ҳам ходимлар уйда, оилада ёки дўстлар даврасида ишига боғлиқ ҳеч нарса гапириши мумкин эмаслигини ҳам айтиб ўтди.