Қозоғистон хорижлик ишчилар сонини камайтиради


  • 23 Декабрь, 2019
  • 535

Қозоғистон президенти Тўқаев 2020 йилдан эътиборан хорижлик ишчилар квотасини 40%га камайтириб, 29 мингга туширилишини маълум қилди.

Тўқаев пойтахт Нур-Султондаги Мустақиллик саройида ўтказилган миллий хавфсизлик кенгашида нутқ сўзлади.

Ўлканинг ташқи қарзи борасида ўз манфаатига фойдаланишга нуқта қўйиш кераклигини таъкидлаган Тўқаев миллий иқтисодиёт вазирлиги, молия вазирлиги ва миллий банкка 2020 йил 1 апрелгача рақамли маълумот тизими шаклида ташқи қарзларни қайд қилиш тизимини шакллантиришга кўрсатма берди.

Тўқаев 2020 йилдан эътиборан хорижлик ишчи кучи квотасини 40га камайтириб, жорий йилда 49 минг киши бўлган кўрсаткични келгуси йил 29 мингга туширилишини таъкидлади.

Ишчи кучи 250 дан ортиқ бўлган ва 30 дан ортиқ хорижлик ишчи жалб қилган фирмалар ҳар йили назоратдан ўтказилишини билдирган президент жорий йилнинг ноябрь ойида текширилган 95 фирмада 930 та қонунбузарлик аниқланганини ёдга солди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев ўлкада сиёсий партияни рўйхатга олиш учун мажбурий бўлган 40 минг имзони 20 мингга туширилиши кераклигини айтиб “Бизга парламентар мухолифат институти лозим. Бу янги жамият парадигмаси. Биз эътибор қаратишимиз керак бўлган баъзи муқобил қараш ва фикрлар бўлиши лозим” деди.

Лотин алифбосига ўтишда шошилмаслик кераклигига урғу берган Тўқаев “Янги алифбонинг бутун жиҳатлари таҳлил қилиниб, устида иш олиб борилиши керак. Тақдим этилган лотин алифбосининг уч версияси камчиликли эканлиги аниқланди. Шу сабабли бу масалага илмий жиҳатдан ёндашиш лозим” деди.

Тўқаев жамият онгига митинг ўтказиш маданиятини сингдириш даври келганини ҳам тилга олиб, митинг ўтказишда қонун бузилмаган тақдирда намойишларга рухсат берилиши кераклигини айтди.


Бошқа мақолалар