- 2017-11-21
Ўрта Шарққа икки минг аскарини жўнатган Трамп Эронга тегишли 52 объектга зарба беришини айтди. Эрон эса “35 АҚш объекти билан Тель-Авив нишонда турибди” деб жавоб қайтарди.
АҚШнинг Бағдодда Эрон инқилоб муҳофизлари Қудус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийни ўлдириши натижасида Ўрта Шарқда вазият янада таранглашмоқда. Эрон президенти Руҳоний ўч олишга ваъда бергандан кейин минтақанинг бошқа давлатлари ҳам огоҳликни оширди.
Сулаймонийни ўлимга ҳукм қилган АҚШ президенти Трамп Эронга қарши янги таҳдидлар билан оғиз кўпиртирмоқда. Трамп янги қуролларга 2 триллион доллар сарфлаганини ва Эроннинг ҳар қандай АҚШ ҳарбий базасига ҳужум қилган тақдирида бу янги қуроллардан баъзиларини Эронга қарши ишлатишини маълум қилди.
Трамп 1979 йил АҚШнинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум ва 52 кишининг асир олинишини хотирлатиб “Агар Эрон АҚШликларга ва Америка ҳарбий базаларига ҳужум қилса, 52 асирга тамсил қилиб Эронга оид ва Эрон маданияти учун жуда муҳим бўлган 52 объектни нишонга олиб қўйдик. Ҳеч тараддуд қилмаймиз. Бу объектларга жуда тез ва кескин шаклда зарба берилади. АҚШ ортиқ таҳдид истамайди” деди.
Эрон ташқи ишлари вазири Муҳаммад Жавод Зариф Трампнинг бу баёнотига “Маданий объектларни нишонга олиш ҳарбий жиноятдир. АҚШнинг ғарбий Осиёда куни битди” деб жавоб берди.
Ироқ мажлиси кўпчилик овоз билан АҚШ кучларини ўлкадан чиқаришга қарор берди. Мажлисда ўтказилган фавқулодда йиғилишда кўпчилик овоз билан АҚШ ва хорижий кучларнинг ўлкадан чиқаришга қарор берилди. Қарорнинг татбиқ этилиши масъулияти ҳукуматга юкланди. Овоз беришнинг ортидан шиа вакиллари мажлисда “АҚШга йўқ” ва “Эй ишғолчи кет бу ердан” деб ҳайқиришди.
Қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, АҚШ билан Ироқ орасидаги стратегик хавфсизлик келишуви бекор қилиниши, хорижий ҳарбий кучларнинг ўлкадан чиқарилиши, террор ташкилоти ИШИД (Қозоғистонда тақиқланган) билан курашиш борасидаги коалиция кучларининг ёрдам бериш истаги рад этилиши, Ироқ ҳаво кенгликларидан фойдаланиш тақиқланиши ва АҚШ устидан БМТга шикоят қилиниши Ироқ мажлиси тарафидан тасдиқланди.
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги “Times” майдонида юзлаб одамлар урушга қарши плакатлар билан намойиш ўтказди. Намойишчилар “Эрон билан урушга йўқ”, деган плакатларни кўтариб, АҚШ президенти Трампга норозилик билдирди.
Руҳонийнинг ўч олиш борасидаги ваъдасидан кейин ал-Қоидага алоқадор аш-Шабоб террор ташкилоти Кенияда АҚШ ҳарбий базасига ҳужум уюштириб, базани вайрон қилди.