- 2021-12-25
2020 йил январь ойидан Қозоғистонда хорижликларни вақтинча рўйхатга олиш бекор қилинди. Лекин ҳуқуқни сақлаш идоралари уларни назорат қилишдан воз кечмайди. Энди хориждан келадиган меҳмонлар ҳақида қабул қиладиган тараф хабар бериши керак.
Янги қоидалар 11 январь кунидан бошлаб кучга кирди. Шу кундан бошлаб Қозоғистонга визасиз келадиган хорижликлар рўйхатдан ўтиш учун махсус марказларга бориб, навбатда туришига ҳожат йўқ. ИИВ миграция хизмати қўмитаси раиси ўринбосари Сабиржан Сейтжанов “Лекин энди хорижлик меҳмонлар ҳақида қабул қилувчи тараф маълум қилиши керак. Энди сизнинг уйингизга хориждан бувингиз келса ҳам тегишли идораларга хабар беришингиз керак. Буни уч кун мобайнида бир неча усул билан амалга ошириш мумкин: яшаш жойидаги миграция хизматига ариза ёзиш орқали, виза-миграция хизмати ва электрон ҳукумат порталлари орқали хабар бериш мумкин. Бу хизматлар бепул. Расмийлаштириш учун 10-15 дақиқадан кўп вақт кетмайди” деб таъкидламоқда.
Хорижлик меҳмон келгани ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Жисмоний шахслар огоҳлантириш билан чекланса, юридик шахслар жаримага тортилади.