- 2015-12-15
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 30 январдаги шошилинч йиғилиши якунларига кўра Хитойда янги коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги халқаро даражадаги фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.
Бу ҳақда ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус эълон қилган. У Хитой томонидан вируснинг тарқалишини тўхтатиш учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаган ва уларни “бундай вазиятлардаги ҳаракатларнинг янги стандарти” деб атаган. Гебрейесуснинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати коронавирус билан курашиш учун барча зарур воситаларга эга, бироқ у вируснинг соғлиқни сақлаш тизими камроқ ривожланган давлатда тарқалиши қандай оқибатларга олиб келишини айта олмайди.
“Биз давлатларга бундай вазиятга тайёр туришлари учун кўмак кўрсатишимиз лозим”, деб айтган ЖССТ раҳбари.
У шу билан бирга халқаро сафарлар ва савдога чекловлар киритиш учун ҳозирча асос йўқлигини айтган.
Бир ҳафта аввалгина ЖССТ вирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни фавқулодда вазият деб эълон қилишга ҳали эҳтиёж йўқлигини айтганди. 27 январда эса ташкилот вирус тарқалиши хавфи даражасини “ўртачадан” “юқори”га оширган.
Охирги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусдан вафот этганлар сони бир кун ичида 43 нафарга ошиб, 213 нафарга етди. Касалланганлар сони 9776 нафарни, даволанганлар сони 187 кишини ташкил қилмоқда.
Бир кун аввал вафот этганлар сони 170 нафарни, касалланганлар сони эса 7711 нафарни ташкил қилаётгани маълум қилинганди.
Шунингдек, 15238 киши коронавирус юқтирганликка гумон қилинмоқда. Шунингдек, касалланганлар билан яқин мулоқотда бўлган 102 минг 427 киши кузатув остида қолмоқда.
kun.uz дан олинди.