Исроил ташқи ишлар вазирини ҳибсга олиш сўралди


  • 17 Апрель, 2025
  • 23

Англияга кутилмаган ташриф билан келган Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саарга нисбатан фавқулодда ҳибсга олиш буйруғини чиқариш учун ҳаракат бошланди.

Англияда жойлашган Global Legal Action Network (GLAN – Глобал Ҳуқуқий Ҳаракат Тармоғи) ва Ғазодаги уруш жиноятларида айбланган исроиллик ҳарбийларни миллий ва халқаро судларда жавобгарликка тортишни мақсад қилган Бельгиядаги Hind Rajab жамғармаси бу ташаббус ҳақида қўшма баёнот эълон қилди.

Баёнотда Саарга нисбатан ҳибсга олиш буйруғини чиқариш талаби илгари сурилгани қайд этилиб, унга қўйилаётган айбловлар, жумладан, ўтган йил охирида Кемал Адван шифохонасига қилинган ҳужум билан боғлиқ экани таъкидланган. Ушбу ҳужум натижасида шифохона раҳбари доктор Ҳусам Абу Сафийе ўғирланган ва қийноққа солингани айтилган.

Баёнотда Саарга нисбатан ҳибс буйруғини чиқариш талаби Вестминстер Тинчлик судига юборилгани маълум қилинган. Унинг Фаластинда қийноқ, қасддан одам ўлдириш ва кенг кўламда мулкни йўқ қилиш каби халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиш жиноятларини қўллаб-қувватлагани таъкидланган.

Бу ҳаракат, хавфсизлик сабабли исми ошкор этилмаган ҳамкорлар билан бирга Ғазода иш олиб борган ва у ерда кенг қамровли таҳлиллар ўтказган бир гуруҳ шифокорлар томонидан тақдим этилган далиллар билан қўллаб-қувватланган. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам Лондон Метрополитен полициясига расман жиноий шикоят аризаси топширган.

Баёнотда, 2023 йил 7 октябрда қабул қилинган умумий қарорлар орқали Саар Ғазодаги кенг кўламли фуқаролар ўлими ва инсоний фожеалар учун бевосита масъул экани таъкидланган. “Саар ҳукуматнинг ҳарбий сиёсатини шакллантиришда марказий роль ўйнаган ва Халқаро жиноий суд томонидан геноцид сифатида баҳоланиши мумкин бўлган кампания учун жавобгар деб қаралмоқда”, дейилади.

GLAN директори Геаройд О’Куин баёнотда шундай деган:

“Гидеон Саарнинг Фаластиндаги ўлимлар, вайрона ва азоблар билан бевосита боғлиқ эканини аниқ далиллар билан кўрсатдик. Буюк Британия расмийлари унга қўл бериш ўрнига, қўлга олишлари шарт. Шу боис, судлардан зудлик билан чора кўришларини сўрадик.”

“Hind Rajab” жамғармаси асосчиси ва президенти Дияб Абу Жахжа эса қуйидагиларни айтди:

“Гидеон Саар Лондонда эркин юра олмайди, чунки Ғазодаги фаластинлик фуқаролар ҳануз вайрона остида. Унинг Ғазода айбсиз инсонларни оч қолдириш, мажбуран кўчириш ва ўлдиришдаги роли жавобгарликни талаб қилади. Ҳеч қандай расмий лавозим бундай ваҳшийликларни оқлай олмайди.”

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги кеча Саарнинг Англияга ташрифини тасдиқлаган бўлса-да, Буюк Британия томонидан бу ташриф юзасидан ҳозирча расмий баёнот берилмади.

Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Саар Лондонда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Ламми билан учрашган. Учрашувда, асосан, Эроннинг ядровий дастури ва минтақавий масалалар муҳокама қилинган.

Шунингдек, Ғазода оташкесим ва асирлар алмашинувига оид музокаралар ҳамда Ғазо секторидаги исроиллик асирларнинг аҳволи ҳам муҳокама қилинган. Икки вазир, шунингдек, Исроил-Буюк Британия муносабатларини ривожлантириш масаласини муҳокама қилган.

Ламми 12 январь куни Исроилга ташриф буюриб, Саар билан учрашган ва у билан Ғазо, Эрон, Сурия ва Ливан каби минтақавий масалаларни муҳокама қилган. 13 январь куни эса у Рамаллаҳда Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан учрашган.


Бошқа мақолалар