- 2024-02-02
31 май якшанба куни Қирғизистоннинг Баткен вилоятининг Ўзбекистон билан чегарасида қирғиз қишлоғи Чечме ва ўзбек қишлоғи Чашма аҳолиси ўртасида тўқнашув келиб чиқди.
Ҳаммаси икки қишлоқ аҳолиси Чашма булоғини тозалаш билан бошланган. Иккала қишлоқ аҳолиси ҳам булоқнинг ўзларига тегишли эканлигини даъво қилиши натижасида катта жанжал келиб чиққан. Зиддият жойига етиб келган ўнлаб одамлардан иборат гуруҳлар бир-бирини тошбўрон қилишни бошлади. Воқеа жойига маҳаллий ҳокимият вакиллари етиб келиб, зиддият кучаймаслиги учун тушунтириш ишларини олиб боришди.
Лекин тошбўрон тўхтамади ва ҳокимият вакиллари ўз ҳудудларига чекинишга мажбур бўлишди. Дастлабки маълумотларга кўра, жароҳат олганлар бор.
Қирғизистон бош вазир ўринбосари Акрам Мадумаров “Ҳар йили иккала томон ҳам ҳам булоқни тозалаш ишларини бирга олиб боришарди. Номаълум сабабларга кўра тортишув бошланиб, одамлар тош ота бошлаган. Маҳаллий ҳокимият музокараларни олиб бормоқда. Бу ҳудуд аввалдан баҳсли участка ҳисобланади. Шу сабабли зиддиятлар тез-тез юз беради. Вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаймиз” деб гапирди.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари ўзининг Telegram-каналида юзага келган ҳолатни ҳал қилиш учун икки давлатнинг масъул раҳбарлари учрашганини маълум қилди.
“Озодлик”нинг воқеа жойидаги мухбири “Милиция ходимлари одамларни тинчлантиришга уринмоқда. Лекин бунинг уддасидан чиқа олмаяпти. Ўқотар қуроллардан фойдаланилмади, лекин томонлар бир-бирига тош отишмоқда. Одамлар бошидан, оёғидан ва қўлидан турли жароҳатлар олишмоқда. Уларга тиббий ёрдам кўрсатиляпти. Ўзбекистон ҳудудида 2 та уй, Қирғизистон ҳудудида эса 1 та уйга ўт қўйилган” деб маълум қилди.
Соат 22:00 да томонлар чегарадаги вазиятни бирга назорат қилишга келишиб олди. Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳодисада 25 киши жароҳат олганини билдирди. Улардан икки нафарининг аҳволи оғир.
Ўзбекистонда яшайдиган тожик журналисти Мирасрор Фарғоний Сўх туманининг марказий касалхонасига Чашма қишлоғининг 146 нафар аҳолиси тан жароҳатлари билан ётқизилганини маълум қилди.