- 2020-09-30
Эпидемия сабабли ҳаж сафарларини ташкилловчилар саросимага тушиб қолишди. Ҳам Саудия Арабистонда, ҳам ҳаж ибодатига келадиган давлатларда кундан-кунга ортаётган хасталар сони бу йил ҳаж бекор қилиниши мумкинлигини кун тартибига қўйди.
Коронавирус эпидемияси сабабли касаллар сони 120 минг, ўлганлар сони 900 дан ошган Саудия Арабистон бу йил ҳаж ибодатини бекор қилиши мумкин. 630 йилдан 1932 йили ҳокимиятга келган Сууд қироллиги давригача турли сабаблар билан ҳаж 40 марта бекор қилинган. Бу йил ҳам бекор қилинса, бу Суудлар даврида илк бор бўлади. Ҳаж борасидаги расмий қарорнинг шу ҳафтада чиқиши кутилмоқда. Ҳаж ва умра вазирлиги бошқа сценарийларни кўриб чиқаётгани айтилмоқда.
Хориждан келадиган ҳожи номзодлари ўрнига Саудия Арабистон ватандошларининг қатъий соғлиқ чоралари доирасида ҳаж ибодатларини бажаришлари энг кўп айтилаётган вариантдир. Лекин 29 июлдан 4 августгача бўлиб ўтадиган ҳаж бутунлай бекор қилиниши ҳақиқатга яқин. Чунки олдин Эбола ва MERS каби эпидемиялар вақтида ҳаж учун маълум ўлкаларга виза бермаслик ёки уларнинг квотасини камайтириш каби чора-тадбирларни олган Саудия Арабистоннинг глобал миқёсдаги коронавирус эпидемияси вақтида юқоридаги тадбирлар билан касалликдан сақланиши жуда қийин. Расмий рақамларга кўра, кунлик касалланиш ҳолати 3-4 мингга чиқди.
Саудия Арабистоннинг бу йил ҳаж ва умра зиёратларидан 12 миллиард доллардан ортиқ даромад кўриши кутилганди. Бу даромаднинг катта қисмини бой бериш, нефть нархларидаги тушиш ва пандемия сабабли қўш зарба олган Саудия Арабистонда иқтисодиёт бутунлай қулаши мумкин.