Атамбаев 11 йил қамоққа ҳукм этилди


  • 24 Июнь, 2020
  • 458

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга криминал авторитетни қамоқдан ноқонуний озод этиш иши бўйича ҳукм чиқарилди.

Атамбаев судда сўнгги сўз билан чиқишдан воз кечди. Аввалроқ прокурорлар унга 15 йиллик қамоқ ва мол-мулкини мусодара қилиш жазосини сўрашган эди.

Суд Алмазбек Атамбаевни 11 йил ва икки ойга озодликдан маҳрум этиб, мол-мулкини мусодара қилишга ҳукм чиқарди.

Криминал авторитет бўлган Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний озод этиш иши бўйича тергов 2019 йили январь ойида қайта қўзғатилганди. Октябрь ойида эса судга ўтказилди.

Айбланувчи сифатида 19 киши судга келтирилган. Булар маҳкумга ташхис қўйган шифокор ва ҳамширалар, жазони ўташ муассасаси вакиллари, юқори лавозимли амалдорлардир.

2006 йили Батукаев Бишкек шаҳри яқинидаги колонияда оммавий тартибсизликлар уюштиргани учун 16 йил ва 8 ойга озодликдан маҳрум этилганди. Тартибсизлик вақтида депутат Тиничбек Акматбаев, жазони ўташ бош бошқармаси бошлиғи Икматулла Пўлатов ва икки нафар парламент ходими ўлдирилганди. 2013 йили Батукаев қон саратонининг сўнгги босқичи ташхиси қўйилиб, шифокорлар ҳайъати томонидан қамоқдан озод қилишга хулоса берилади. Бир неча соатдан кейин Батукаев янги паспорт олиб, мамлакатни тарк этади. Тергов хулосасига кўра, унинг озод этилишида бир неча юқори лавозимли амалдорлар ва собиқ президент Алмазбек Атамбаев иштирок этган. 


Бошқа мақолалар