- 2023-10-27
Туркистон вилояти делегацияси ва Қозоғистон экология вазири қўшни Ўзбекистонга хизмат сафари билан бориб, трансчегаравий сув объектларини қўриқлаш ва фойдаланиш масалалари бўйича йиғилишда иштирок этди.
Йиғилиш давомида Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири Магзум Мирзагалиев ва Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев икки давлат ўртасида сув муносабатларида ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзолашди.
Вилоят ҳокими Умирзоқ Шукеев расмий муҳокамалардан кейин Қозоғистон нашрларига “Туркистон вилояти қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш вақтида сувга жуда муҳтож бўлади. Бу йили Сирдарёда вазият ёмонлашди. Сув танқислиги юзага келди. Шунинг учун вилоят делегацияси ва экология вазири бугун Тошкентга бир қатор масалаларни ҳал қилиш учун келди. Музокаралар жуда унумли бўлаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман” деб маълум қилди.
Қозоғистон делегацияси сафар вақтида бир неча масалаларни ижобий ҳал этди. Биринчи навбатда сув ресурсларини бўлиш бўйича йўл харитасининг имзоланиши. Иккинчи масала Туркистон вилоятига халқаро “Дўстлик” канали орқали узлуксиз сув етказиб беришдир. Бугунги кундан бошлаб, июль ойининг охиригача вилоятга сониясига 80 куб метр сув етказиб берилади. Бу жуда яхши натижа. Август ойида бу кўрсаткич сониясига 70 куб метрга тушади.
Шукеев “500 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган вилоятнинг жанубий туманларига бу масала жуда муҳим ҳисобланади. Сувдан ташқари биз қўшнилар билан яна икки йўналишда ҳамкорликни бошладик. Сўз Кентау ва Туркистон шаҳарларида йирик текстил фабрикларини қуриш ҳақида кетмоқда. Ушбу фабрикаларни ишга тушириш орқали минглаб одамлар иш билан таъминланади. Яна бир йўналиш Туркистон атрофидаги қумли ва шўр ерларга саксовул, бута ва мевали боғлар барпо этишдир. Бизнинг вилоятдан келган уч гуруҳ Наманган ва Қорақалпоғистонда ушбу масалаларни ўрганишмоқда. Ўз навбатида Ўзбекистон ҳукуматига унумли учрашув учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Барча музокаралар икки давлат раҳбарининг қатъий назорати остида ўтмоқда” деди.