Озарбайжондан француз актёрларига жавоб


  • 25 Ноябрь, 2020
  • 373

Озарбайжон маданият вазирлиги Арманистонни қўллаб-қувватлашга чақирган Франциянинг маданият ва фан арбобларининг очиқ хатига жавоб қайтарди.

Очиқ хатга 120 дан ортиқ актёр ва маданият арбоблари, жумладан Ален Делон, Фанни Ардан, Жан Рено, Жюльет Бинош, Пьер Ришар, Клаудиа Кардинале ва бошқалар имзо чекди. Мактуб “Le Figaro” газетасида чоп этилди.

Очиқ хатда гўёки арманлар ўз ватанларидан қувғин қилиниб, тарихий бинолар, черковлар вайронага айлантирилаётгани айтилган.

Озарбайжон маданият вазирлиги жавобида Арманистон 30 йилдан буён БМТ хавфсизлик кенгашининг 822, 853, 874, 884 рақамли резолюцияларига бўйсунмай халқаро ҳамжамият тарафидан Озарбайжон ҳудуди деб қабул қилинган Тоғли Қорабоғ минтақасини ишғол остида тутиб турганини эслатиб ўтди.

Арманистоннинг тажовузкор сиёсати натижасида ишғол остидаги ҳудуддаги Озарбайжон халқига тегишли кўплаб тарихий ва маданий ёдгорликлар вайрон этилиб, харобага айланди.

Вазирлик баёнотида: “Турар жойлар билан бир қаторда ишғол остидаги ҳудудда таълим ва саноат ҳамда маданият бинолари ҳам ваҳшийларча вайрон этилди. Жумладан 4,6 миллион китоб фондига эга 927 та кутубхона, 808 та маданият саройи, клуб ва маданият уйлари, 85 та мусиқа ва рассомчилик мактаблари, 22 та музейда жамланган жами 100 мингдан ортиқ экспонатлар, 4 та рассомчилик галереяси, 4 та театр ва 2 та концерт заллари, 8 та истироҳат боғи, 2000 дан ортиқ тарихий ва маданий ёдгорликлар йўқ этилди. Маданий ёдгорликларга бўлган бундай ваҳшийларча муносабатни бутунжаҳон тарихий меросига хавф деб қараш лозим” дейилган.

Вазирлик: “Далил ва гувоҳлар билан тасдиқланмаган, қуруқ сўз бўлган мурожаат остига обрўли маданият вакиллари имзо чекиб, арман ташвиқоти қўлида қуролга айланиши жуда ачинарли. Бундай ҳол уларнинг обрў-эътиборига соя солмоқда” деб таъкидлади.

“Арманистон қуролли тўқнашув ҳолатида маданий бойликларни ҳимоя қилиш бўйича Гаага конвенциясига аъзо бўлишига қарамай Озарбайжоннинг маданий меросини йўқ қилди, сохталаштирди ва талон-тарож қилди” деб маълум қилишди.

Вазирлик Франциянинг маданият ва фан арбобларини Қорабоғга таклиф қилиб, арманларнинг Озарбайжонга қарши маданий қатлиомини ўз кўзлари билан кўриб, гувоҳ бўлишга чақирди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев: “Бугун уруш тугагандан кейин баъзи ғарб лидерлари Озарбайжон назоратига ўтган ҳудуддаги христиан черковларининг тақдири билан қизиқмоқда. Бундан ҳеч ким хавотир олмасин, айниқса бу исломга қарши қарашларни авж олдираётган ғарб ўлкалари бошчиларига тегишли. Улар исломда муқаддас бўлган нарсаларга ҳақоратларга кўз юмиб, ҳақорат қилганларни қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг черковлар ҳолати ҳақида гапиришга ҳақлари йўқ, бу биринчидан. Иккинчидан эса бизнинг ҳудудимиздаги барча ибодатхоналар бу бизнинг тарихий меросимиздир” деди.


Бошқа мақолалар