- 2024-07-01
Янги типдаги коронавирус эпидемияси сабабли кундан-кунга талаб ортиб бораётган тиббий ниқобларга заргар тарафидан тайёрланган ва баҳоси 190 доллардан бошланиб 2500 долларгача бўлган олтин ҳамда кумуш тиббий ниқоблари сотувга чиқди.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшовчи ва 32 йилдан буён кумуш буюмлар билан ишловчи 43 ёшли заргар Сабри Демирчи эпидемия туфайли бироз вақт дўконини оча олмади. Сабри кумушнинг антибактериал бўлганлиги боис уйда ўтирган икки ярим ой вақт мобайнида кумушдан ниқоб ясашга қарор қилди. Июнь ойида очган дўконида ниқоб учун қолип тайёрлашни бошлади. демирчи узоқ уринишлардан кейин олтин ва кумуш ниқобларни ишлаб чиқара бошлади.
Сабри Демирчи 4,5 ой ниқоб қолипи ва ишлаб чиқариш билан машғул эканлигини айтиб: “Ниҳоят ишлаб чиқардик. Дунёда илк антибактериал кумуш ниқоб ишлаб чиқармоқдамиз. Кумушнинг тозалик даражаси 999. Таркибида мис, никель моддалари йўқ. Кумуш ниқобнинг ўзига хослиги унинг устида бактерия, микроб бўлмайди” деди.
Сабри: “Ниқобнинг оғирлиги 20 грамм. Бунинг сизга салбий таъсири йўқ. Ниқобнинг пастки ва устки тарафларида ипакдан тўқилган губка бор. Булар тақилганда юзга қулайлик бағишлайди. Ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди. Нафас олиш осон. Кумушнинг антибактериал хоссаси туфайли бир микроб кўпи билан 5 дақиқа яшайди” деб гапирди.
Кумуш ниқобнинг баҳоси 190 доллар атрофида бўлиб, бугунги кунгача 300 га яқин кумуш ниқоб ишлаб чиқарилган. Олтин ниқобнинг оғирлиги 25 грамм келади. Баҳоси эса 2500 доллар.
Маҳсулот аввал ўлка ичига, кейинроқ хорижга ҳам сотилиши режалаштирилаётганини айтган Демирчи “АҚШдаги фирмалар билан ҳам учрашдик. Кумуш ниқобларни юмшоқ мато билан артиб, такрор ишлатиш мумкин. Пандемия тугагандан кейин истаса, қайтадан пулга айлантириши ёки коронавирус эпидемиясидан хотира сифатида сақлаб қўйиши мумкин” деди.