- 2017-10-05
Ироқнинг энг юқори сунний диний раҳнамоси Шайх Аҳмад Ҳассан ат-Таҳа католик оламининг руҳоний лидери папа билан учрашишдан бош тортди.
Папа Францискнинг Ироқ зиёрати ва шу аснода юз берган воқеалар шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Ироқлик юқори лавозимли амалдорнинг хабар беришича, Шайх Аҳмад Ҳассан ат-Таҳанинг зиёратдан олдинги бутун учрашув ва таклифларга қарамай папа билан кўришишни рад этган. У воқеани қуйидагича баён қилди:
“Ташкилий қўмита папанинг сафаридан аввал Ироқ диний ишлар қўмитаси раиси бўлган Шайх Аҳмад Ҳассан ат-Таҳага қўнғироқ қилди. Папанинг келишига боғлиқ дастурлар тайёрлаётганини ва папа билан шайх учрашувни режалаштираётганларини айтди. Шайх Аҳмад бу таклифни ҳеч тараддудсиз рад этди. Католикларнинг руҳоний лидери билан учрашмаслигини билдирди. Шундан сўнг президент Барҳам Салиҳий шахсан ўзи Шайх Аҳмадга қўнғироқ қилиб, ҳеч бўлмаса президентлик саройидаги учрашувда иштирок этишини илтимос қилди. Солиҳий бу учрашувда Ироқдаги бутун дин тамсилчилари иштирок этишини ва унинг ҳам қатнашиши ўринли бўлишини маълум қилди.
Шайх Аҳмад президентга берган жавобида папа бу ерга Макка ва Мадинанинг ўрнига янги диний марказ қуриш учун келганини айтди. У “Носирия шаҳри бу диннинг марказига айлантирилади ва халқимиз нотўғри маълумотлар билан алданади. Иброҳимий динлар, динлараро диалог, биродарлик ва тотувлик ниқоблари остида мана шу мақсад яширинган. Мен бу сафарининг фитна уруғини сочиш мақсадида эканлигига ишонаман” деди. Шайх Аҳмад бу сўзлари орқали папа билан учрашмаслигини президент Барҳам Солиҳийга ҳам такрорлади.”
Католикларнинг тарихида илк бор Ироқни зиёрат қилган папа Франциск Бағдодга тушган илк дақиқаларида “Ироққа ҳаж учун келдим” деганди. Бағдодда ан-Нажот черковида маросим ўтказган папанинг иккинчи зиёрати ва маросим ўтказиш жойи ҳазрати Иброҳим туғилган Носирия шаҳри бўлди. Ироқ туркман фронти раиси ва Ироқ депутати Эршат Солиҳий ҳам "Папанинг сафари Носирия марказли янги автоном минтақа режасининг парчаси" дейишди. Эршат Солиҳий Мусул шаҳри ҳудудлари ичида эълон қилинадиган минтақага Нинова христиан автоном минтақаси номи берилишини ва АҚШ-НАТО тарафидан хавфсизлиги таъминланишини айтганди.