- 2017-07-21
Сувайш каналини тўсиб қўйган “Ever Given” контейнер ташувчиси тергов тугагунга қадар тутиб турилади.
Бу ҳақда канал маъмурияти бошлиғи Усама Робиа маълум қилди.
У маҳаллий телеканал эфири орқали “Кема тергов ниҳоясига етгунича Катта аччиқ кўлда қолади” деб гапирди.
Етакчи терговчи капитан Саййид Шейши тергов кеманинг денгизда юриш қобилиятини ва капитан ҳаракатларини ҳисобга олишини маълум қилди. Шейшининг сўзларига кўра, “Ever Given” капитани терговнинг барча талабларига риоя қилган. Тергов муддати икки йилгача чўзилиши мумкин.
Терговчи Шейши “Биз кемада қандай ускуналар бўлганлигини ва улар қандай шаклда қўлланилганини батафсил ўрганишимиз керак. Кема экипажининг тергов билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиши ва барча маълумотларни бермаслиги янги маъмурий ишлар очилишига, бу эса кеманинг ва юкларининг мусодара қилинишига олиб келади” деди.
Робиа Сувайш каналининг тўсиб қўйилишидан кўрилган зарар 1 миллиард долларга яқинлигини маълум қилди.
У “Биз ҳодисанинг биринчи кунидан бошлаб сарфланган харажатларни, буксирлар ва бошқа махсус техникаларнинг иш ҳақини ҳам ҳисобга оламиз” деди.
Эслатиб ўтамиз, 24 март куни узунлиги 400 метр, эни 59 метр бўлган ва 224 минг тонна юк ташиш қувватига эга “Ever Given” контейнер ташувчиси саёзликка ўтириб қолиб, Сувайш канали йўлини бутунлай бекитиб қўйган эди. Канални яна қатновга очиш учун 27 минг кубометр қум қазиб олинди.
Сувайш канали Ўрта ер дегизи ва Қизил денгизни боғлаб турувчи 163 км масофага эга энг узун сунъий сув артерияси ҳисобланади. Дунёдаги денгиз орқали юк ташишнинг 10-12%и Сувайш канали орқали бўлади.