Дрон операторининг инсонийлиги


  • 20 Январь, 2026
  • 50

Украина шарқидаги Донецк вилоятида хизмат қилаётган дрон учувчиси, одатий парвоз пайтида қор устига катта ҳарфлар билан ёзилган “Илтимос, нон” деган ёзувни пайқаб қолди. Кекса аёлнинг бу ноиложлик билан қилган ёрдам чақириғи, ўша лаҳзада ҳарбий вазифани инсонийлик амалиётига айлантирди.

Украина шарқидаги Донецк вилоятининг Константиновка аҳоли пункти осмонида вазифасини бажараётган украиналик дрон учувчиси, урушнинг ўртасида юракни эзувчи манзарага дуч келди. Қор билан қопланган ерда катта ҳарфлар билан ёзилган хабар диққатни тортди: “Илтимос, нон”.

“Phoenix” чегара қўшинлари дрон бўлинмаси учувчиси бу ёзувни кўрган заҳоти ҳарбий топшириқни тўхтатиб, тинч аҳоли вакилига ёрдам бериш учун ҳаракатга тушди.

Бўлинма томонидан берилган маълумотга кўра, ушбу ёзувни 19 ёшли дрон учувчиси Максим (лақаби “Малюк”) ҳаводан пайқаб қолган. Ёзувни Константиновкада яшовчи кекса аёл қор устига қийинчилик билан ёзгани маълум бўлди.

Учувчи аёлнинг сўзларни қорда секин-аста ёзаётганини тепадан кузатиб турди. Шундан сўнг, дрон ёрдамида озиқ-овқат етказиб берилди.

“Phoenix” бўлинмаси учувчиси содир бўлган воқеани қуйидагича таърифлади: “Бундай хабарларни кўрганимда доим жавоб қайтараман. Улар бизнинг халқимиз ва биз уларга ёрдам беришга мажбурмиз. Биз улар учун шу ердамиз”.

Озиқ-овқат етказиб берилганидан сўнг, қор устида бу гал “Раҳмат” деган ёзув пайдо бўлди.

Фаол фронт чизиғига яқин жойлашган Константиновка Россия ҳужумлари туфайли қаттиқ шикастланган. Шаҳарнинг катта қисмида инфратузилма вайрон бўлган, асосий хизматлар тўхтаб қолган. Ҳудудда қолган тинч аҳоли озиқ-овқат, иситиш ва тиббий хизматлардан фойдаланишда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда.

Аввалроқ, Украинанинг 429-алоҳида учувчисиз тизимлар бригадаси “Achilles” аскарлари вазифа давомида Россиянинг дронларга қарши тўрига илашиб қолган бойўғлини қутқариб қолишган эди. Ўша лаҳзалар ҳам уруш олови ичидаги инсонийлик намунаси сифатида тарихга муҳрланганди.


Бошқа мақолалар