- 2023-12-07
Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр ва санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев 76 ёшида оламдан ўтди.
«Ўзбекистон кино ва театр санъати оғир жудоликка учради. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти , моҳир режиссёр ва актёр, талабчан устоз ва меҳрибон мураббий Баҳодир Йўлдошев узоқ давом этган хасталик туфайли 76 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди.
Сермаҳсул ижодий фаолияти давомида «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган устоз санъаткорнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди.
Устоз санъаткорнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз», дейилади Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Марҳумни сўнгги йўлга кузатиш маросими унинг туғилган қишлоғида, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги ота уйида ўтказилади.
Баҳодир Йўлдошев 1945 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган. 1970 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтини тугатган. 1971–1974 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек академик драма театрида режиссёр, 1974–1984 йилларда бош режиссёр бўлиб ишлаган.
Кўплаб спектаклларга режиссёрлик қилган Баҳодир Йўлдошев актёр сифатида Олчинбек («Оловли йўллар»), Мухторов («Тоғдаги учрашув»), Шерзод («Олмос камар»), Собиров («Ошпаз») каби ролларни ижро этган.
Баҳодир Йўлдошев Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1979), Ўзбекистон халқ артисти (1995) унвонлари билан тақдирланган.
kun.uz дан олинди.