- 2024-04-18
Косово шимолида контрабандага қарши рейд вақтида Косово полицияси ва этник серблар орасида тўқнашув юз берди.
Рейдлар тўртта жойда ўтказилиб, улар орасида асосан серблар яшайдиган Косовска-Митровица шаҳри ҳам бор эди. Полиция рейдларни контрабандага қарши кураш билан изоҳлади. Рейд вақтида этник серблар полицияга қаршилик кўрсатди ва натижада тўқнашув юз берди. Тўқнашувда полиция аввал кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди. Серблар бунга жавобан полицияга тош отиб, асосий йўлни юк машинаси билан бекитиб қўйишди. Тўқнашувда полиция қуролдан фойдаланишга мажбур бўлиб, бир киши ўқдан яраланди.
Полиция бошлиғи Самедин Меҳмети тўқнашувда 10 нафар полиция ва 10 нафар этник серблар тан жароҳати олганлигини маълум қилди. Косово ички ишлар вазирлиги полиция амалиёти ҳеч бир миллатга қарши йўналтирилмаганлигини билдирди.
Сербия президенти Александр Вучич чегарадаги шаҳар Раскада зудлик билан мудофаа, ички ишлар вазирлари ва ҳарбий қўмондонларни тўплаб йиғилиш ўтказди. Шимолий Ксоводаги сербларни қўллаб-қувватлашини ва уларни ҳимоясиз қолдирмаслигини ваъда қилди. Бундан ташқари, у очиқ тўқнашувнинг қандай баҳога тушишини ҳам эслатиб ўтди. Президентга кўра, Косово полицияси сербларни отишда давом этадиган бўлса, Белград чора кўришга мажбур бўлади.
Европа иттифоқи ташқи ишлар бошқармаси бошлиғи Жозеп Боррель тўқнашувни дарҳол тўхтатишга чақириб, барча масалалар Европа иттифоқи иштирокида диалогда кўриб чиқиши кераклигини айтди.