- 2020-12-17
Америка фармацевтика компанияси “Pfizer” оралиқ таҳлилларга асосланиб, янги “Paxlovid” таблеткасининг COVID-19 ни даволашда касалхонага ётиш ёки ўлим ҳолатлари хавфини 89%га камайтиришини эълон қилди.
Хабарда “Янги таблетка касалхонага ётиш ёки ўлим ҳолатларини 89%га камайтириши аниқланди” дейилган.
Компания маълумотларига кўра, тадқиқотда иштирок этган ва янги препаратни қабул қилган пациентлар орасида 28 кун давомида ўлим ҳолати кузатилмаган. Плацебо қабул қилган пациентлар орасида эса 10 та ўлим ҳолати қайд этилган. Тадқиқотда 1219 нафар ёши катта кишиларнинг маълумотлари ҳисобга олинган.
Компания янги препаратни экстерн тарзда истеъмолга рухсат олиш учун тадқиқот натижаларини АҚШ дори ва маҳсулотларни назорат қилиш бошқармасига тақдим этишни режалаштирмоқда.
Пайшанба куни Буюк Британия дунёда илк бўлиб, коронавирусга қарши “Merck&Co” компаниясининг молнупиравир препаратини қўллашни бошлагани ҳақида хабар берилганди. Аввалроқ “Merck&Co” молнупиравир таблеткасининг муваффақиятли синовдан ўтганлиги ва самарадорлиги 50%лигини маълум қилганди. Компания АҚШ бошқармасига препаратни экстерн тарзда қўллаш борасида ариза билан чиқди. Ушбу препарат коронавирусга қарши дунёдаги биринчи перорал қабул қилинадиган дори бўлиши мумкин.