- 2013-01-23
Миллий хавфсизлик қўмитаси террористик хавф даражаси пасайганлигини ва Нур-Султон, Чимкент ва 12 та вилоятда хавфнинг “қизил” даражаси бекор қилинганлигини маълум қилди.
Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати “Шу муносабат билан терроризмга қарши кураш республика оператив штаби антитеррор амалиётларнинг ниҳоясига етганлиги ва Нур-Султон, Чимкент шаҳарлари, Ақмўла, Ақтўбе, Атирау, Шарқий Қозоғистон, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Қизилўрда, Қўстанай, Манғистау, Павлодар, Шимолий Қозоғистон ва Туркистон вилоятларида хавфнинг “қизил” даражаси бекор қилинганлигини билдиради.
Шу билан бирга Алмати шаҳри ва Алмати, Жамбил вилоятларида террористлар ва оммавий тартибсизликларда турли жиноятлар ишлаган шахсларни аниқлаш ва қўлга олиш чоралари давом этмоқда. Шу сабабли бу минтақаларда антитеррор ҳаракатлари ва “қизил” даража сақланиб қолади” деб хабар берди.
12 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Павлодар, Ғарбий Қозоғистон ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида фавқулодда вазиятни бекор қилиш бўйича фармонни имзолаган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Манғистау вилояти аҳолиси суюлтирилган газ нархининг кўтарилиб кетиши муносабати билан митингга чиққанди. 3 январь куни митинглар бирданига бир нечта минтақада бошланди. Норозилик намойишларига нефть қазиб олиш ташкилотларининг ишчилари ҳам қўшилди. 4 январь куни ўлканинг бир нечта шаҳарларида оммавий тартибсизликлар бошланди.
5 январь куни ҳукумат истеъфога чиқди, Қозоғистонда ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари, суюлтирилган газ, бензин ва дизел ёқилғиси нархлари давлат томонидан назоратга олинди. Лекин тартибсизликлар кучайиб кетди. Алмати шаҳрида тартибсизлик иштирокчилари ҳокимият биносига ўт қўйиб, президент резиденциясига бостириб киришди, дўкон ва савдо марказларини, банк офислари ва банкоматларни ўмаришди. Тартибсизликлар натижасида кўрилган зарар 100 миллиард тенгедан ошиб кетди. Қурбонлар ва жабрланганлар сони аниқланмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев тартибсизликларни митингни ниқоб қилиб олган террористлар уюштирганлигини айтди.