Россия Мариуполни қўлга киритди


  • 22 Апрель, 2022
  • 255

Бир неча ҳафтадан бери давом этаётган шиддатли тўқнашувлар ортидан 1478 нафар украиналик аскар таслим бўлди, рус кучлари Мариуполь шаҳрини қўлга киритди.

Россия Украина билан урушдаги энг йирик ғалабасига эришди. Бир неча ҳафта давом этган шиддатли қаршиликдан кейин Мариуполь шаҳри таслим бўлди. Россия президенти Владимир Путинга ҳисобот топширган мудофаа вазири Сергей Шойгу “Шаҳарда назорат ўрнатдик” деди. Шаҳардаги 1478 нафар украиналик аскар рус армиясига таслим бўлиб, тахминан икки минг украиналик аскар ва мингга яқин тинч аҳолининг саноат ҳудудидаги “Азовсталь” заводида яширингани айтилмоқда. Путин завод ертўлаларига ҳужум қилишга тайёрланган Шойгуга “Бу ерости катакомбаларига киришнинг ҳожати йўқ. Саноат ҳудудини бекитинг, пашша ҳам учиб ўта олмасин” деган кўрсатма берди. Путин бундан ташқари қуролини ташлаб таслим бўлган украиналик ҳарбийларга яхши муомалада бўлишни талаб қилди. Украина бош вазир ўринбосари Инна Верешук Мариуполнинг забт этилиши ортидан “Тинч аҳоли билан 500 га яқин ярадор аскарнинг “Азовсталь”ни тарк этишига рухсат беринг” деган чақириқ йўллади.

Бу орада Украина президенти Владимир Зеленский ҳам “Рус армиясининг ортида қолдирган ўлик ва ярадорларга Мариуполдаги тинч аҳоли ва аскарларни алмашишга тайёрман” деган баёнот билан чиқди. Бу билан бирга украиналик музокарачилар Давид Арахамия билан Михаил Подоляк музокаралар учун Мариуполга боришга тайёр эканликларини маълум қилишди. Мариуполь мэри Вадим Бойченко эса шаҳарга яқин жойдаги Мангуш қишлоғида маҳаллий аҳоли рус армияси томонидан қазилган 30 метр чуқурликдаги оммавий қабристон топганлигини билдириб “Россия армияси бу ерда ишлаган бутун ҳарбий жиноятларини оммавий қабристонларга яширмоқда” деди.


Бошқа мақолалар