Макрон яна Франция президенти


  • 27 Апрель, 2022
  • 194

Франция президентлигига сайлов натижалари маълум бўлди. Эммануэль Макрон рақиби Ле Пендан кўп овоз тўплаб янгидан президентликка сайланди.

Франциядаги президентлик сайловларининг иккинчи босқичида сайловчиларнинг 58 фоиздан ортиғи овоз берган Эммануэль Макрон ғалаба қозонди. Марин Ле Пен мағлубиятини тан олди.

Францияда 24 апрель, якшанба куни президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, амалдаги президент Эммануэл Макрон сайловчиларнинг 58,55 фоиз овози билан ғалаба қозонди. Унинг рақиби – «Миллий бирлашув» партияси раиси Марин Ле Пен учун сайловга келганларнинг 41,45 фоизи овоз берди.

10 апрель куни бўлиб ўтган Франциядаги президентлик сайловининг биринчи босқичида Макрон 27 фоиздан сал кўпроқ овоз тўплаб, Ле Пендан деярли тўрт фоизга ўзиб кетди. Ҳар бешинчи сайловчи томонидан қўллаб-қувватланган сўл «Итоатсиз Франция» партияси етакчиси Жан-Люк Меланшон учинчи ўринни эгаллади. Анъанавий партиялар вакиллари - социалистлар ва консерваторлар тарихий фиаскога дуч келишди. Сайловчиларнинг иштирок этиш кўрсаткичи 73,7 фоизни ташкил қилди.

Франция президенти тўғридан тўғри умумий овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Агар биринчи турда номзодларнинг ҳеч бири кўпчилик овозга эга бўлмаса, энг кўп овоз олган икки номзод ўртасида иккинчи тур ўтказилади. Давлат раҳбари лавозимини кетма-кет икки муддатдан ортиқ эгаллаш мумкин эмас. Макроннинг ғалабаси уни 2002 йилда Жак Ширакдан кейин иккинчи муддатга қайта сайланган биринчи Франция президентига айлантирди.


Бошқа мақолалар